Резолюциянинг аҳамияти ва истиқболлари
“Марказий Осиё глобал иқлим таҳдидлари қаршисида: барқарор ривожланиш ва фаровонлик йўлида минтақавий бирдамликни мустаҳкамлаш” тўғрисидаги Резолюцияни қабул қилиш ташаббуси давлатимиз раҳбари томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 78 сессиясида илгари сурилган эди.

Ҳозирги вақтда дунёда кескин экологик вазият кузатилиб, сайёрамиз миқёсида учта инқироз, яъни иқлим ўзгариши, биохилма-хиллик йўқолиши ва атроф-муҳит ифлосланиши кучайиб бораётганини қайд этиб, Президентимиз Марказий Осиё иқлим ўзгаришлари олдида энг заиф минтақалардан бирига айланаётганини кўрсатиб ўтди.
Резолюция матнини ишлаб чиқиш ва келишиш бўйича ҳукуматлараро музокаралар жараёни БМТнинг Нью-Йоркдаги қароргоҳида бўлиб ўтган. Маслаҳатлашувларда дунёнинг барча қитъаларидан жами юздан ортиқ давлатнинг экспертлари фаол иштирок этиб, матнни ўзига хос мазмун билан тўлдириш ва умумий консенсусга эришиш учун кўплаб таклифларни киритишган. Резолюция БМТга аъзо бўлган 35 та давлат ҳаммуаллифлигида тайёрланиб, барча Марказий Осиё давлатлари номидан тақдим этилди.
2023 йил 19 декабрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси Ўзбекистон томонидан таклиф этилган ушбу резолюцияни маъқуллади.
Ҳужжат матнида Ўзбекистон Президентининг қатор ташаббуслари, жумладан, “Марказий Осиё учун “яшил” кун тартиби” ва унинг минтақада барқарор ривожланишга кўмаклашишдаги роли алоҳида қайд этилган. Шунингдек, Резолюцияда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистоннинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ташаббуслари ҳам баён этилган.
Резолюциянинг аҳамияти шундаки, унда Марказий Осиё, жумладан, Оролбўйи минтақасидаги экологик муаммоларни ҳал этиш, ижтимоий-иқтисодий ривожланишга кўмаклашиш ва иқлим ўзгаришига мослашиш чораларини кўриш бўйича минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлиги алоҳида қайд этилган. Шунингдек, Оролбўйи минтақасининг ноёб экологик аҳамиятини, Орол денгизи қуришининг оғир оқибатларини ҳисобга олиб, Марказий Осиё минтақасида барқарор ривожланишни таъминлаш учун халқаро ҳамкорликни кучайтириш ва молиявий ҳамда техник ёрдам кўрсатиш зарурлиги белгиланган.
Резолюцияда Марказий Осиёда иқлим ва экологик таҳдидларга самарали қарши кураш мақсадида барқарор қишлоқ хўжалиги, боғдорчилик, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, энергия самарадорлиги, қум-чанг бўронларига қарши кураш, чиқиндиларни қайта ишлаш, барқарор туризмни ривожлантириш, “ақлли шаҳарлар” ва барқарор транспортни яратиш бўйича аниқ вазифалар белгиланган.
Марказий Осиё, жумладан, Оролбўйи минтақасида экологик муаммоларни ҳал этиш, ижтимоий-иқтисодий ривожланишга кўмаклашиш ва иқлим ўзгаришига мослашиш чораларини кўриш учун минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш жуда муҳимдир.
С.Утемуратова,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати.
ЎзА