Республика танловида ғолиби бўлди
Жорий йилнинг 18-19 июнь кунлари Сурхондарё вилояти Термиз иқтисодиёт ва сервис институтида олий таълим ташкилотлари талабалари ўртасида гиёҳвандликка қарши курашиш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга йўналтирилган “Ёшлар – гиёҳвандликка қаршимиз!” кўрик-танловининг республика финал босқичи бўлиб ўтди.
Талаба-ёшларнинг гиёҳвандлик, психотроп ҳамда кучли таъсир қилувчи моддаларга қарши курашиш борасидаги билим ва кўникмаларини баҳолаш, олий таълим ташкилотларида гиёҳвандликнинг зарарли оқибатлари тўғрисидаги тушунчаларни кенг тарғиб қилиш, шунингдек, ижодий фаолият орқали соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилган танловда ҳудудий босқичларда ғолиб ва совриндор бўлган жами 30 та жамоа иштирок этди.

Иштирокчилар иншо ёзиш, расм чизиш, қисқа видеороликлар, саҳна кўриниши шартлари асосида ўз иқтидорини намойиш этишга ҳаракат қилишди.

Энг қувонарлиси, танлов якунларига кўра, Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтининг “Нур” жамоаси фахрли 2-ўринни эгаллади ва ташкилотчилар томонидан диплом, шунингдек, 150 миллион сўм миқдорида пул мукофоти билан тақдирланди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири