Республика ўқув-амалий семинари ўтказилди
Янгиер шаҳрида замонавий таълим концепцияси йўналишида яна бир муҳим қадам қўйилди. Бу гал мактабгача таълим тизимида илғор хорижий тажрибаларни жорий этиш, болаларда илмий фикр ва ижодкорлик салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган Республика ўқув-амалий семинари ташкил этилди.
Тадбир “СТЕАМ — орзуларни ҳақиқатга айлантиради” ҳамда “Кичик ёшда — катта орзулар” шиорлари остида ўтди.
Семинар Янгиер шаҳар ҳокими Отабек Носиров ташаббуси билан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Сингапурнинг “Marshall Cavendish Education” таълим ташкилоти ҳамкорлигида ўтказилди. Унда Сирдарё вилоятидаги мактабгача таълим ташкилотлари мудирлари, умумтаълим мактаблари директорлари, педагоглар ва соҳанинг етакчи мутахассислари иштирок этишди.

Семинарни Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг бўлим бошлиғи Гулнора Парпиева кириш сўзи билан очди. У таълим жараёнида халқаро ҳамкорлик ва инновацион ёндашувларнинг аҳамиятини таъкидлаб, болаларда мустақил фикрлаш, ижодкорлик ва илмий тафаккурни ривожлантириш бугунги куннинг долзарб вазифаси эканини қайд этди.

– Замонавий таълим тизимида бола фикрлай олиш, савол бериб, изланишга ўрганиши керак. Шу мақсадда халқаро тажрибаларни амалиётга жорий этиш муҳим аҳамият касб этади, – деди Гулнора Парпиева.
Тадбир доирасида педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори Муниса Ризаева, институт катта ўқитувчиси Муҳайё Нормирзаева ҳамда бошқа мутахассислар амалий машғулотлар ўтказишди. Улар Сингапур тажрибасига асосланган СТЕАМ таълим тизими, “Қувноқ математика” ва “Билағон болажон” машқ дафтарларидан самарали фойдаланиш усулларини намойиш этишди.

– Мазкур дастурлар мактабгача таълим тизими раҳбар ва педагоглари учун янги имкониятлар эшигини очади, – дейди Муҳайё Нормирзаева. – Замонавий педагог ўз устида ишлаб, болаларнинг фикрлаш салоҳиятини ривожлантиришда халқаро тажрибалардан унумли фойдаланиши лозим.

Вазирлик буйруғига мувофиқ, 2025 йилнинг сентябридан декабрь ойигача республика бўйлаб Сингапур мутахассислари иштирокида масофавий ва амалий ўқув курслари ташкил этилмоқда. Уларда “Лидерлик маҳоратини ривожлантириш”, “Қувноқ математика”, “Билағон болажон” ҳамда “Касбий маҳоратни ошириш” йўналишлари қамраб олинган.
Мутахассислар жараёнда ўқув-методик материалларни ўзбек тилига мослаштириш, тингловчиларнинг фаол иштирокини таъминлаш ва натижаларни таҳлил қилиш ишларини амалга оширмоқдалар. Бу эса янги таълим моделларини амалиётга мослаштиришда муҳим аҳамият касб этади.

Янгиердаги семинар иштирокчилари илғор хорижий усуллар орқали болаларда фанларга қизиқиш уйғотиш, рақамли фикрлашни ривожлантириш ҳамда таълим жараёнини интерактив усулларда ташкил этиш бўйича амалий кўникмаларга эга бўлдилар.
– Болаларимизда илмий тафаккурни шакллантириш, савол бериб фикрлашга ўргатиш — келажакни барпо этишнинг асосидир, – дейди Янгиер шаҳридаги 6-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти мудираси Нодира Турдиқулова. – Сингапур тажрибаси биз учун амалий йўлланма ва катта илҳом манбаи бўлди.
Тадбир якунида иштирокчиларга махсус сертификатлар топширилди. Уларнинг фикрича, мазкур ташаббус нафақат педагоглар малакасини оширишга, балки мамлакатимизда мактабгача таълим тизимини замон талабларига мос равишда янгилашга хизмат қилади.
Янгиерда ўтказилган бу семинар — илғор тажриба, янги ёндашув ва орзуларга қанот бағишлайдиган маърифат майдонига айланди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири