Республика ишчи гуруҳи Сирдарёда
Аҳолини жиноятчилик ҳақида хабардор қилиш, ҳуқуқий тарбияни йўлга қўйишнинг самарали механизмини яратиш бўйича Олий суд, Адлия ҳамда Ёшлар ва спорт вазирликлари вакилларидан иборат республика ишчи гуруҳи жорий йилнинг 22-24 август кунлари Сирдарё вилоятида бўлди.
Ишчи гуруҳ томонидан жами 60 та, шундан 49 та маҳалла, 11 та ташкилотларда ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилди. Тадбирлар Гулистон, Янгиер ва Ширин шаҳарлари ҳамда Гулистон, Боёвут, Мирзаобод, Оқолтин, Сайхунобод, Сардоба, Сирдарё ва Ховос туманларидаги қизил ҳудудга кирган жойларда ташкил этилди.
Жумладан, Олий суд раиси ўринбосари Икром Муслимов бошчилигидаги гуруҳ аъзолари Янгиер ва Гулистон шаҳарларида бўлиб жиноятчилик сонининг ошишига сабаб бўлаётган омилларни ўрганди. Мазкур шаҳарларда жами 8 маҳалла жиноятлар сони бўйича “қизил” ҳудудга киритилган бўлиб, давра суҳбатлари айнан ушбу маҳаллаларда ташкилланиши мақсадга мувофиқ бўлди, дейиш мумкин.
[gallery-13263]
Асосий эътибор жиноятларнинг олдини олишда жамоатчилик назоратини кучайтириш бўйича маҳалла фаоллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва ёшлар иштирокини таъминлаш масаласига қаратилди. Хусусан, Гулистон шаҳрининг жиноятлар сони ошган “Боғишамол”, “Намуна” ва “Тараққиёт”, “Янги ҳаёт”, “Сайқал” маҳаллаларида давом этган мулоқотларда ишчи гуруҳ аъзолари ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқий маданиятини шакллантириш, жиноятларнинг олдини олиш бўйича таклиф ва муаммоларини эшитди ҳамда маҳалла бешлигининг фаолиятини янада яхшилаш чоралари белгилаб олинди.
Янгиер шаҳрининг Темур Малик, “Фазилат”, “Шодиёна”, “Юксалиш” маҳаллаларида ўтказилган давра суҳбатларида эса маҳалла маъмурияти ҳамда ёшлар иштирок этди. Ишчи гуруҳ аъзолари ҳар бир маҳалладаги фуқаролар билан жиноятчиликнинг олдини олиш борасидаги таклифларни тинглади. Шунингдек, жиноятлар сони ошган маҳаллалардаги учрашувларда туман ва шаҳар судлари судьялари томонидан сайёр судлар ўтказилиб, жараёнларда профилактик ҳисобда турувчи 20 нафар шахслар ва тарбияси оғир ёшлар иштироки ҳам таъминланди.
Ўтказилган давра суҳбатлари давомида 75 нафар гулистонлик, янгиерлик фуқароларнинг жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ишлар бўйича мурожаатлари ҳам кўриб чиқилди. Шунингдек, ҳуқуқий тарбияни йўлга қўйишнинг самарали механизмларини яратиш бўйича Янгиер ва Гулистон шаҳридаги тарбияси оғир ёшларнинг ҳар тўрттасига биттадан тумандаги таниқли спортчилар бириктирилди.
Шуҳрат Суяров, ЎзА