Реклама қонунчилигини бузган 20 дан ортиқ банк ва микромолия ташкилоти жаримага тортилди
Рақобат қўмитаси томонидан ўтказилган мониторинглар натижасида молиявий хизматлар рекламасида қонунчилик талабларини бузган 20 дан ортиқ тижорат банки ва микромолия ташкилотига нисбатан молиявий жарималар қўлланилди.
Қўмита маълумотига кўра, оммавий ахборот воситалари, интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда жойлаштирилган айрим рекламаларда истеъмолчиларни чалғитувчи ёки нотўғри маълумотлар берилган. Қонунбузилишларнинг асосий қисми айнан молиявий хизматлар рекламасига тўғри келган.
Ўрганишлар давомида омонат ва кредитлар бўйича фоиз ставкалари, амал қилиш муддати, минимал талаблар, қўшимча тўловлар, микроқарз шартлари, суғурта ёки воситачилик тўловлари каби муҳим маълумотлар айрим рекламаларда умуман келтирилмагани ёки майда шрифтда, тушуниш қийин бўлган тарзда берилгани аниқланган.
Шунингдек, баъзи рекламаларда икки маъноли иборалардан фойдаланиш, хизмат шартларини бўрттириб кўрсатиш ҳамда бошқа ташкилотларнинг номи ёки товар белгиларига оид калит сўзлардан фойдаланиш орқали истеъмолчиларни чалғитиш ҳолатлари ҳам кузатилган.
Рақобат қўмитаси эслатишича, «Реклама тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, молиявий хизматлар ҳақидаги реклама аниқ, тўлиқ ва ишончли бўлиши, шартнома тузишда муҳим аҳамиятга эга бўлган барча шартларни очиқ кўрсатиши лозим.
Шунингдек, маълумотлар истеъмолчилар учун осон ўқиладиган ва тушунарли шаклда тақдим этилиши, майда шрифт ёки яширин матн кўринишида берилмаслиги шарт.
Қўмита молиявий хизматлар рекламаларида нотўғри ёки чалғитувчи ахборот тарқатилгани аниқланган ҳолларда қонунчиликка мувофиқ тегишли молиявий санкциялар қўлланилишини яна бир бор огоҳлантирди.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА