“Регистратор офиси” талабага кўмаклашади
Бугун қай бир соҳани олманг, ривожланишни, тараққиётни, ўзгаришни, янгиланишларни кўрасиз. Рақамлаштириш куннинг муҳим мавзусига айланиб улгурди. Жорий йил 20 июнь куни Президент раислигида муҳандислик кадрларини тайёрлаш тизимидаги устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам айнан олий таълим муассасаларида деканатларнинг талабаларга хизмат кўрсатиш функциялари тўлиқ рақамлаштирилиши, хориждаги каби “Регистратор офиси” ташкил қилиниши алоҳида таъкидланди. 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб юртимиздаги барча олий таълим муассасаларида мазкур “офис”нинг фаолияти йўлга қўйилди. Хўш, ушбу тизимнинг вазифаси нима ва қандай афзалликларга эга?
Эътибор қилган бўлсангиз, кейинги йилларда ёшлар учун имкониятлар майдони тобора кенгайиб бормоқда. Олий таълим муассасаларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланаяпти, талабанинг дарсдан бўш вақтларида ишлашларига рухсат берилди, шартнома асосида ижара хонадонларида яшаётган талабалар ижара пулларининг ярми давлат томонидан қоплаб бериляпти.
– Фаолиятимизнинг асосий мақсади талабага енгиллик қилиш, унинг муаммоларини бир жойнинг ўзида, марказлашган тизим орқали ҳал этишдан иборат, – дейди Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти “Регистратор офиси” директори Шоҳруҳ Турдиев. – Бу ортиқча оворагарчилик ва қоғозбозликка барҳам беради. Масалан, талабалар ўқишини тиклаш, кўчириш, тўлов-шартнома, стипендия масалалари – ҳаммаси шу ернинг ўзида ҳал қилинади. Бир сўз билан айтганда, ишимиз талабаларга хизмат кўрсатишга қаратилган.
[gallery-19125]
Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан тасдиқланган намунавий низом лойиҳасида “Регистратор офиси” олий таълим ташкилотларининг талабаликка қабул, ўқув жараёни ва талабаларга хизмат кўрсатиш, академик фаолиятни ташкил этиш ҳамда таълим жараёнининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш каби вазифаларни амалга оширувчи таркибий тузилмаси эканлиги белгиланган. Бу, ўз навбатида, соҳада бюрократик тўсиқлар юзага келишининг олдини олишга ва таҳлилий маълумотларни шакллантириш, қарор қабул қилиш жараёнларини оптималлаштиришга ёрдам беради.
– Дарс жадваллари шу пайтгача ҳар бир деканатнинг ўзида алоҳида-алоҳида юритилган эди, – дейди институт ўқув-услубий бошқармаси бошлиғи Зафар Чоршанбиев. – Энди улар “Регистратор офиси”да марказлашган ҳолда тузилади. Бу ўқитувчиларнинг дарс соатларини тўғри тақсимлаш, фаолиятини назорат қилиш имкониятини яратади. Бундан ташқари, факультетлардаги декан ўринбосари штатлари қисқартирилиб, уларнинг кўплаб вазифалари янги тизим ходимлари зиммасига юклатилди.
Намунавий низомга кўра, “Регистратор офиси”да, асосан, хизмат кўрсатиш (front office) ва маълумотлар базаси (back office) бўлимлари бўлиб, улар таркибида илмий ва инновацион фаолият бўйича хизмат кўрсатиш, халқаро алоқалар ва академик мобиллик бўйича хизмат кўрсатиш, маркетинг ва амалиётларни ташкил этиш ҳамда бухгалтерия бўйича хизмат кўрсатиш ҳамда статистик маълумотларни юритиш, ўқув жараёнини мувофиқлаштириш, талабалар ҳужжатларини юритиш ва сақлаш секторлари фаолият юритмоқда.
Бугун “талабага енгиллик” деган ибора кўп қўлланилади. Ёшларга оид давлат сиёсатининг асосини ҳам ана шундай хайрли ишлар, мақсадлар ташкил этади. “Регистратор офиси”нинг муҳим вазифаси талабанинг оғирини енгил, узоғини яқин қилишдан иборат. У ҳужжатбозликка ортиқча вақт сарфламай, фойдали машғулотлар билан шуғуллансин.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари