Референдумда турли миллат вакиллари ҳам овоз берди
Ўзбекистон кўп миллатли диёр. Бу ўлкада 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари тинчлик тотувликда яшаб, меҳнат қилиб келяпти. Бугунги бўлиб ўтаётган муҳим сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси референдумида барча миллат вакиллари фаол иштирок этмоқда.
Ажаргул Усмонова Навоий вилоятининг Конимех туманида туғилган. Қозоқ миллатига мансуб. 36 йилдан буён Навоий шаҳрида истиқомат қилади. 1993 йилда Навоий давлат педагогика институти рус филологиясини тамомлагач, шаҳардаги 17-умумтаълим мактабида фаолиятини бошлаган. Мана 12 йилдирки 13-умумтаълим мактабида директор вазифасида ишлаб келади. А.Усмонова ўз конституциявий ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда бугунги референдумда иштирок этди.
[gallery-11667]
– Юртимизда бошқа миллат вакиллари ўзбеклар билан тенг шароитда, яратилаётган имконият ва имтиёзлардан фойдаланган ҳолда меҳнат қилмоқда, – дейди Ажаргул Усмонова. – Гарчи ўзим қозоқ миллатига мансуб бўлсамда, Ўзбекистон фуқароси эканлигимдан, шу жаннатмонанд диёрда туғилиб вояга етганлигимдан фахрланаман. Бугун “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида” ги Конституциявий қонуннинг лойиҳаси бўйича ўтказилаётган референдумни қўллаб-қувватлаб овоз бердим. Ўзим педагогман. Янгиланаётган Конституцияда мен сингари ўқитувчилар мақоми янада улуғланиб, кўпгина модда ва нормаларда ўз ифодасини топмоқда.
Вилоятдаги референдум участкаларида овоз бериш жараёнлари давом этмоқда.
Абдували Бўриев,
Сирож Аслонов (сурат), ЎзА