Реабилитация марказида очиқ мулоқот
Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Нигорахон Юнусова “Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш” Республика марказининг Андижон вилояти ҳудудий марказида бўлиб, ушбу масканда яшаб турган хотин-қизлар билан очиқ мулоқот ўтказди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 19 майдаги “Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган хотин-қизларни реабилитация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан ташкил этилган “Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш” Республика маркази ва унинг ҳудудий марказларида ҳаётда оғир вазиятга ҳамда руҳий инқирозга тушиб қолган аёлларга зарур тиббий, психологик, маънавий ва ҳуқуқий ёрдамлар кўрсатиб келинмоқда.

Мулоқот давомида тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган аёлларнинг муаммолари тингланди, мурожаатлари атрофлича ўрганилди. Уларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди, зарур психологик кўмак ва амалий ёрдамлар кўрсатилди.

Мулоқотда аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда ҳаётда ўз ўринларини топишларига кўмаклашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўтказилаётган бу каби учрашув ва мулоқотлар оғир вазиятга тушиб қолган хотин-қизларнинг муаммоларини ўз вақтида ҳал этиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамиятда ўз ўрнини топиш ва одатий ҳаёт тарзига қайтишларига яқиндан ёрдам бермоқда.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири