Интерпол: ўта йирик миқдордаги фирибгарлик қилган шахслар Ўзбекистонга экстрадиция қилинди
Интерполнинг Тошкент ва Абу Даби шаҳарларидаги Миллий марказий бюроларининг ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлари билан халқаро миқёсда Интерпол каналлари орқали қидирувда бўлган жиноятчиларни топшириш масаласи ҳал этилди.
Интерполнинг Тошкент ва Абу-Даби шаҳарларидаги Миллий марказий бюроларининг яқин ҳамкорлиги, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Дубайдаги Бош консулхонаси ҳузуридаги вакилининг кўмаги ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши натижасида халқаро қидирувда бўлган шахслар Ўзбекистоннинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига топширилди.
Ушбу фуқаролар ўта йирик миқдордаги фирибгарлик жиноятини содир этганликлари учун Ўзбекистон Республикасининг ваколатли органлари томонидан қидирувга берилган эди.
Хорижий ҳамкорлар ва Ўзбекистон томонининг келишилган саъй-ҳаракатлари туфайли қидирувдаги шахслар Интерпол Миллий марказий бюроси ходимларига топширилиб, Ўзбекистон Республикасига олиб келинди.
Ҳозирги вақтда қўлга олинганлар зарур процессуал ҳаракатларни амалга ошириш учун тергов органларига топширилди. Келгусида улар суд олдида жавоб беради ва уларга нисбатан Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ жазо белгиланади.
Интерпол Миллий марказий бюроси содир этилган жиноятлар учун жазонинг муқаррарлиги тамойилини таъминлаган ҳолда, чет элда одил судловдан яшириниб юрган шахсларнинг манзилини аниқлаш ва мамлакат ҳудудига қайтариш бўйича тизимли ишларни давом эттирмоқда.
Н.Абдураимова, ЎзА