Рассомлар ижодида Наврўз талқини
Марказий кўргазмалар залида Наврўз байрамига бағишланган анъанавий кўргазманинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Унда мамлакатимизнинг турли вилоятлари, жумладан, Бухоро, Самарқанд, Наманган, Тошкент вилояти рассомларининг рангтасвир, графика, ҳайкалтарошлик асарлари томошабинлар эътиборига тақдим этилди.
Улар орасида Ўзбекистон Бадиий академияси академиклари Владимир Бурмакин, Янис Салпинкидис, Алишер Мирзо, Файзулла Аҳмадалиев, Ғофур Қодировлар ўз услубий йўналишларига содиқ қолган ҳолда, ўзларининг профессионал маҳорати ва юқори сифатларини яна бир бор намойиш этди.
[gallery-6174]
Шунингдек, ижодий изланишда бўлган мамлакатимизнинг ёш рассом вакилларидан Дилшод Ваҳобов, Рушана Алимова, Маржона Тўрабекова, Азиз Тешабоевлар санъатнинг турли соҳаларида эришилган ютуқларни трансформация ва таҳлил қилиб яратган асарлари намойиш этилмоқда.
Ушбу кўргазма – ижодкорларнинг табиат гўзаллигида чизиқлар ва рангларнинг ўзаро уйғунлиги мужассам бўлган атроф–муҳит билан қанчалар даражада узвий боғлиқлигини томошабинларга яна бир бор намойиш этди. Асарларда асосан баҳор манзаралари, янгиланаётган табиатнинг гўзаллиги тараннум этилган.
Кўргазмага ташриф буюрган мухлислар 80 дан ортиқ муаллифлар томонидан яратилган 250 га яқин ижод намуналаридан баҳра олади.
Гулноза Бобоева, Ойбек Пардаев, (сурат) ЎзА