Марказий Осиё учун янги имкониятлар: глобал кучлар рақобати минтақани қандай ўзгартирмоқда?
XXI аср иккинчи чорагига келиб халқаро муносабатлар тизими янги босқичга қадам қўйди. Дунё тобора кўпроқ кўп қутбли шакл касб этмоқда, иқтисодий ва сиёсий таъсир учун кураш эса анъанавий марказлардан янги ҳудудларга кўчмоқда. Ана шундай шароитда кўп йил давомида жаҳон сиёсатининг чекка ҳудуди сифатида қаралган Марказий Осиё бугун глобал манфаатлар кесишадиган стратегик маконга айланмоқда.
Гап фақат географик жойлашув ҳақида эмас. Минтақа улкан минерал ресурслар захираси, ёш демографик таркиби, транспорт-коммуникация салоҳияти ва энергетика имконияти билан халқаро майдонда тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу боис дунёнинг йирик сиёсий ва иқтисодий марказлари энди Марказий Осиё билан муносабатни мутлақо янги даражага олиб чиқишга интилмоқда.
Айниқса, сўнгги икки-уч йилда минтақага нисбатан ташқи қизиқишнинг кескин ортгани кузатилмоқда. Бир вақтнинг ўзида Европа Иттифоқи, Хитой, АҚШ, Россия, Туркия, Ҳиндистон ҳамда Форс кўрфази давлатлари Марказий Осиё бўйича алоҳида стратегия ишлаб чиқаётгани бежиз эмас. Бу жараён ташқи таъсир учун рақобат эмас, балки минтақа тақдирига таъсир кўрсатиш имконияти учун курашнинг янги шакли сифатида намоён бўлмоқда.
Масалан, ЕИ кейинги йилларда Марказий Осиёга нисбатан ёндашувини сезиларли даражада ўзгартирди. Аввал муносабатда хавфсизлик ва инсон ҳуқуқи масаласи устуворлик касб этган бўлса, бугун иқтисодий шериклик биринчи ўринга чиққан. Сабаби аниқ: Европа иқтисодиёти учун зарур хом ашё ресурси бизда бисёр.
Айниқса, “яшил иқтисодиёт”га ўтиш жараёни минтақа аҳамиятини янада оширди. Электромобиль, аккумулятор, юқори технологияли саноат учун зарур нодир металлга талаб жадал ўсмоқда. Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳудудидаги захира йирик инвесторлар диққат марказида турибди.
Хитой ҳам минтақадаги иқтисодий иштирокини кенгайтирмоқда. Бир пайтлар асосан савдо ва инфратузилма лойиҳалари билан чекланган ҳамкорлик бугун саноат кооперацияси, юқори технология ва энергетика соҳаларини қамраб олган. Пекин Марказий Осиёга нафақат транзит ҳудуд, балки иқтисодий барқарорликни таъминловчи муҳим шерик сифатида қарамоқда.
Эътиборли жиҳат шундаки, глобал кучлар рақобати аввалгидек ҳарбий таъсир эмас, инвестиция, технология ва логистика орқали кечмоқда. Ким кўпроқ сармоя киритса, ким замонавий технология таклиф қилса ва ким янги иш ўринлари яратишга ҳисса қўшса, ўша мамлакат минтақада кўпроқ имкониятига эга.

Бу ҳолат Марказий Осиё давлатлари учун мутлақо янги вазиятни шакллантирмоқда. Илгари ташқи марказлардан бирига кучлироқ қарам бўлиб қолиш хавфи юқори эди, бугун давлатлар бир вақтнинг ўзида бир неча шерик билан ҳамкорлик қиляпти.
Яна бир муҳим омил – энергетика соҳасида юз бераётган ўзгаришлар. Дунёда энергия хавфсизлиги масаласи тобора долзарблашиб бораётган бир пайт Марказий Осиё нафақат углеводород ресурси, балки қайта тикланувчи энергия имконияти билан ҳам қизиқиш уйғотмоқда. Қуёш ва шамол энергетикаси бўйича амалга оширилаётган йирик лойиҳалар минтақа иқтисодиётига миллиардлаб долларлик инвестиция кириб келишини таъминлаяпти.
Шу тариқа Марказий Осиё халқаро муносабатда кузатувчи эмас, балки муҳим иқтисодий ва геосиёсий ресурсга эга ҳудуд сифатида намоён бўлмоқда. Бу ўзгаришлар минтақа давлатлари олдига янги имконият билан бирга қўшимча масъулият ҳам қўймоқда. Зеро, ташқи қизиқиш ортиши сармоя ва технология олиб келиши баробарида манфаатлар тўқнашуви эҳтимолини ҳам кучайтиради.
Геосиёсий босим эмас, геосиёсий имконият: Марказий Осиё қандай йўл танламоқда?
Сўнгги йилларда халқаро муносабатда кескинлашиб бораётган рақобат кўплаб минтақаларни танлов олдида қолдирди. Бир томонда Ғарб давлатлари, иккинчи томонда Хитой, яна бир тарафда Россия каби йирик кучлар ўз таъсир доирасини сақлаб қолиш ёки кенгайтиришга интилаётган бир шароитда Марказий Осиё учун асосий вазифа ташқи кучлардан бирини танлаш эмас, балки миллий манфаатга хизмат қилувчи мувозанатли сиёсатни сақлаб қолишдан иборат.
Бу борада минтақа давлатлари аввалги даврга нисбатан анча мустақил ҳаракат қилмоқда. Эътиборли томони шундаки, Марказий Осиё мамлакатлари ташқи ҳамкорларни рақиб сифатида эмас, балки турли соҳалардаги имконият манбаи сифатида қабул қилишга ўтмоқда. Масалан, Хитой билан инфратузилма лойиҳалари амалга оширилса, Европа билан саноат кооперацияси ривожлантирилмоқда, АҚШ билан юқори технология соҳасида ҳамкорлик қилинмоқда. Бу ташқи сиёсатда бир томонлама қарамлик хавфини камайтиришга хизмат қилади.
Бугунги рақобатнинг яна бир муҳим хусусияти минтақа учун асосий кураш нефть ёки газ атрофида эмас, келажак иқтисодиёти билан боғлиқ ресурслар учун кечаётганида. Жаҳон иқтисодиёти рақамлашув ва сунъий интеллект босқичига ўтар экан, стратегик аҳамиятга эга минерал ресурсларга эҳтиёж ортмоқда. Литий, мис, уран ва бошқа муҳим элементлар бўйича Марказий Осиё улкан салоҳиятга эга ҳудуд сифатида кўриляпти.

Бу ҳолат минтақа давлатлари учун хом ашё экспортчиси бўлиб қолиш ёки юқори қўшилган қиймат занжирининг бир қисмига айланиш каби муҳим танловни кун тартибига чиқармоқда. Агар ресурс фақат экспорт қилинса, иқтисодий фойданинг катта қисми ташқи бозорда қолади. Қайта ишлаш саноати ривожлантирилса, минтақа иқтисодиёти сифати янги босқичга кўтарилади.
Глобал рақобатнинг яна бир натижаси – инвестиция учун кураш кучайиши. Илгари сармоя асосан табиий ресурсларга йўналтирилган, энди логистика марказлари, саноат зоналари, рақамли технология, “яшил” энергетика ва инновацион ишлаб чиқариш лойиҳалари биринчи ўринга чиқди. Бу Марказий Осиё мамлакатларидан замонавий иқтисодий бошқарув, ҳуқуқий кафолат ва малакали кадрлар тайёрлашни талаб қилмоқда.
Шу нуқтаи назардан инсон капитали келажакда минтақа рақобатбардошлигини белгилайдиган асосий омилга айланиши кутиляпти. Ҳозир жаҳон инвесторлари арзон ишчи кучи эмас, билимли мутахассис, рақамли кўникма ва инновацион муҳит изламоқда. Демак, университетлар сифати, таълим ислоҳоти ва илмий салоҳият ҳам ташқи сиёсатнинг билвосита элементига айланмоқда.
Табиийки, имконият билан бирга муайян хатар ҳам мавжуд. Қудратли давлатлар манфаати тўқнашуви кучайган сари минтақа ташқи босимга ҳам кўпроқ дуч келиши мумкин. Яъни, айрим ҳолатларда иқтисодий лойиҳалар геосиёсий мақсад билан уйғунлашиб кетиши эҳтимоли ҳам бор. Шу боис ҳар бир мамлакат ташқи ҳамкорликдан максимал фойда олиш билан бирга стратегик мустақилликни сақлаб қолиш вазифасига ҳам дуч келмоқда.
Марказий Осиё келажагини белгилайдиган энг муҳим омил ташқи кучлар ҳаракати эмас, минтақа давлатларининг ўз қарорларидир. Агар мамлакатларимиз иқтисодий модернизацияни тезлаштирса, транспорт ва энергетика лойиҳаларини ўзаро мувофиқлаштирса, рақамли трансформация ва таълим соҳасида ҳамкорликни кучайтирса, глобал рақобат таҳдид эмас, тараққиёт драйверига айланади.
Асосий хулоса шуки, Марказий Осиё энди йирик давлатлар ўртасидаги рақобат объекти бўлиб қолмайди. Минтақа аста-секин ўз иқтисодий манфаати, стратегик мақсади ва тараққиёт моделини мустақил шакллантиришга ҳаракат қилмоқда. Айни тенденция сақланиб қолса, яқин ўн йилликда Марказий Осиё Евросиё маконидаги энг кучли ўсиш нуқтасига айланиши шубҳасиз.
Мусулмон Зиё, ЎзА