Расмий муносабат билдирилди
Ижтимоий тармоқларда Қорақалпоғистон Республикаси Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси томонидан талабалар яшайдиган ётоқхонада ўтказилган ўрганишлар ва аниқланган камчиликлар бўйича эълон қилинган мақола Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети раҳбарияти томонидан ўрганиб чиқилди.
Унда қайд этилишича, тарқатилган видео материалда ташқи томони кўрсатилган бино университет балансидаги 7-8-сонли талабалар уйлари ҳисобланади. Бироқ, видеода тилга олинган ва ички ҳолатлари кўрсатилган барча кўринишлар Давлат-хусусий шериклик шартномаси асосида “Аргония” масъулияти чекланган жамияти томонидан фаолият олиб борилаётган ва ўша корхонага қарашли бўлган 10-11 сонли талабалар уйи ҳисобланади.
Тузилган шартнома талабига мувофиқ, ётоқхонадаги барча шароитларни яратиш, санитария-гигиена меъёрларига риоя қилиш, ходимларни (комендант, тарбиячи ва ҳ.к.) ишга қабул қилиш ва уларнинг хизмат вазифаларини назорат қилиш, шу билан бирга, ойига тўланадиган ижара ҳақининг калькуляциясини белгилаш ва тўловларни қабул қилиш бевосита “Аргония” масъулияти чекланган жамиятининг ваколати ва жавобгарлигига киради.
Шундай бўлса-да, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ўз талабаларининг манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларнинг қулай шароитларда яшашини таъминлашни асосий вазифа деб билади. Шу асосда, жамоатчилик назорати ташкилотлари томонидан кўрсатилган салбий ҳолатлар бўйича университет маъмурияти томонидан “Аргония” масъулияти чекланган жамияти раҳбариятига шартнома талабларини қатъий бажариш ва камчиликларни тез фурсатда бартараф этиш бўйича расмий талабнома киритилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири