Рақобат ва истеъмолчилар манфаати — доимий эътиборда
Тошкент вилоятида рақобат муҳитини ривожлантириш, тадбиркорлик субъектлари ўртасида тенг шароитларни таъминлаш ҳамда истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида 2026 йилнинг тўққиз ойи давомида ҳудуд бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Хусусан, ўтган даврда жисмоний ва юридик шахслардан жами 3 577 та мурожаат келиб тушди. Уларнинг 91 фоизи қаноатлантирилди, қолганлари бўйича тушунтириш берилди, айримлари юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг муаммоларини жойида ўрганиш мақсадида туман ва шаҳарларда сайёр қабуллар ташкил этилди. Бундай учрашувлар аҳоли мурожаатларини бевосита эшитиш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларни ҳал этиш чораларини белгилашга хизмат қилмоқда.
Рақобат муҳитини ҳимоя қилиш, бозорларда тенг шароитларни таъминлаш ва хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятида қонунчилик талабларига риоя этилишини назорат қилиш ҳудудий бошқарманинг муҳим йўналишларидан биридир. Биржа савдолари бўйича 55 та корхона томонидан юқори ликвидли маҳсулотларни савдога қўйиш ва сотиш жараёнлари кунлик назоратга олинди. Аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан 7 та иш қўзғатилиб, улар асосида 2 миллиард 367 миллион сўм миқдорида молиявий санкция белгиланди.
Шунингдек, 22 та товар ва хизматлар бозорида ўрганиш ҳамда таҳлиллар ўтказилиб, уларнинг натижалари бўйича таклифлар Қўмитага киритилди. Давлат харидлари соҳасида ҳам назорат тадбирлари олиб борилди. Жами бошланғич нархи 2 миллиард сўмдан зиёд 1 минг 26 та давлат хариди ўрганилди. Қонунчилик талаблари бузилиши билан боғлиқ 618 та харид юзасидан жами 69 та иш қўзғатилди. Ушбу ишлар доирасида 47 та маъмурий жавобгарлик чораси қўлланилди. Шунингдек, 15 та ҳолат бўйича қарийб 11,3 миллиард сўм молиявий санкция белгиланди. Танлов савдоларини бекор қилиш чораларини кўриш юзасидан 9 та ҳолатда ёзма кўрсатмалар берилди.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўналишидаги ўрганишлар, таҳлиллар ва мурожаатларни кўриб чиқиш натижасида 2026 йилнинг тўққиз ойида жами 10 миллиард 970 миллион сўмдан ортиқ маблағ истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинди. Бу орқали 190 минг 674 нафар истеъмолчининг ҳуқуқлари тикланди. Уй-жой фондига хизмат кўрсатувчи бошқарув сервис компаниялари фаолиятини ўрганиш ҳам аҳоли манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутди. Ўрганишлар давомида ноўрин ҳисобланган бадаллар ва бошқа тўловларни қайта ҳисоб-китоб қилиш, хизмат кўрсатувчи ташкилотлар фаолиятини барқарорлаштириш ҳамда уларнинг молиявий ҳолатини мустаҳкамлашга қаратилган ишлар амалга оширилди.
Натижада 7,4 миллиард сўм асоссиз ҳисобланган маблағ аниқланиб, қайта ҳисоб-китоб қилинди ва аҳоли қарздорлигидан чиқарилди. Бу орқали 46 мингдан ортиқ истеъмолчининг ҳуқуқларини тиклашга эришилди.

– Истеъмол бозорида маҳсулотларнинг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш, истеъмолчиларни яроқлилик муддати ўтган товарлардан ҳимоя қилиш мақсадида ҳам назорат тадбирлари ўтказилди, – дейди Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг Тошкент вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Жўрабек Исмоилов. – Ҳудудий бошқарма томонидан гигиеник воситалар, болалар ўйинчоқлари, ёқилғи-мойлаш материаллари, газли ичимликлар, дудланган ва ярим дудланган колбасалар, чипслар, крекерлар, ун, дуккакли ҳамда бошқа маҳсулотларнинг жами 83 тури бўйича назорат харидлари амалга оширилди. Истеъмолчилар мурожаатлари асосида ўтказилган ўрганишлар давомида гўшт ва гўшт маҳсулотлари, сут маҳсулотлари, ярим тайёр озиқ-овқат маҳсулотлари, яхна ичимликлар ва бошқа товарларнинг 30 дан ортиқ турида яроқлилик муддати ўтгани аниқланди. Ушбу ҳолатлар юзасидан 13 та маъмурий баённома расмийлаштирилиб, тегишли судларга юборилди.
Ташқи реклама воситаларини ўзбошимчалик билан ўрнатиш ҳолатларининг олдини олиш ва уларни ҳужжатлаштириш мақсадида тадбиркорлик субъектларига огоҳлантириш хатлари берилди. Ижтимоий тармоқлардаги рекламалар ҳам ўрганилди. Унга кўра, айрим профил эгалари интернет саҳифаларда миллий ва оилавий анъаналарга, ахлоқ ва маънавиятнинг умумэътироф этилган нормаларига зид бўлган шакллар, иборалар ва образлардан фойдаланиш ҳолатлари юзасидан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.
Умуман, ҳисобот даврида амалга оширилган ишлар рақобат қонунчилигига риоя этилишини таъминлаш, истеъмолчиларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, бозорларда адолатли рақобат муҳитини шакллантириш ва асоссиз молиявий ҳисоб-китобларни бартараф этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Бу борада назорат ва таҳлил тадбирларини изчил давом эттириш, аҳоли мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқиш ҳамда аниқланган қонунбузилишларга нисбатан қонуний чоралар кўриш муҳим вазифа бўлиб қолмоқда.
А.Мусаев,ЎзА