Рақобат бор жойда ўсиш албатта бўлади
Ватан ҳаммамиз учун муқаддас. Ўзбекистонни ишончли қўлларга топшира олганимиз, ўтган беш йилда ўз исботини топди.
Сўнгги беш йилда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонун устуворлигини таъминлаш бирламчи масала сифатида кўтарила бошлади. Ўтган муддатга нисбатан олиб қараганда кўзланганидан кўпроқ ютуқларга эришганимизни таъкидлаш ҳам адолатдан бўлади. Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, таъминлашда Шавкат Мирзиёевга ишонч билдирилгани бу таъминланган ривожланишни олиб келади. Чунки улар ўтган беш йилда тажриба ва амалиёт борасида бошқаларидан анчайин устунлигини кўрсатиб улгурди.
Уларнинг фаолияти «Инсон – жамият – давлат» деган янги тамойил асосида эканлигини ўзи ҳам энг аввал инсон манфаати кўзланганлигини кўрсатиб турибди. Уларнинг «Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак», «Раҳбарлар фақат давлатга эмас, аввало, инсон ва оилага, уларнинг қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилиши керак» деган сўзлари аҳамияти жиҳатидан ниҳоятда муҳимдир.
Айниқса Шавкат Мирзиёевнинг келгуси беш йилда таълим соҳасидаги режалари, юртимизда Учинчи ренессанс пойдеворини барпо этадиган ёшларга оид илм ва тарбия масалаларидаги ташаббуслари қувонарлидир. Уларнинг эртанги кунимизни эгалари бўлган ёшларни тарбиялашда юксак малакали муаллим ва мураббийлар, профессор-ўқитувчилар, ҳақиқий зиёлилар кучидан фойдаланиш ва уларни ойлик маошларини кўтариш борасидаги фикрлари ҳам ўринли бўлди.
2025 йилга бориб, олий тоифали ўқитувчиларнинг ойлик маошини эквивалент ҳисобида 1 минг долларга етказиш чоралари кўрилиши бу йилдан йилга ўқитувчиларнинг ойлик мошлари тизимли оширилиб борилишини билдиради.
Боғча ва мактаб тизимларини бир-бирига уйғунлаштириш, боғчаларда болаларимизни мактабга тайёрлаш сифатини янада яхшилаш масалалари ўз ўрнида кўтарилган масала бўлди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан юртимизда хусусий олий таълим муассасалари сони ортиб бормоқда. Ёшларимизда талаба бўлиш имконияти кенгаймоқда. Олий таълимга қамровнинг фоизи йилдан йилга ўсиб бораётир. Олий таълимга кириш орзусида юрган қанча ёшлар бу йил талаба бўлиш имкониятига эга бўлди. Сиртқи таълим шакли очилиб, ишлаб юрган ёшларимиз учун бир вақтнинг ўзида ҳам ишлаб, ҳам ўқиш имконияти кенгайди. Олий таълим муассасалари сони ортди.
Бугун иш берувчи томонидан кадрларни саралаб олиш, танлаш имконияти ҳам кенгаяпти. Сабаби олий маълумотли кадрлар сони ўсиб бормоқда. Мутахассислар ўртасида эса рақобат юзага кела бошлади. Рақобат бор жойда ўсиш албатта бўлади. Биз эртамизга ишонамиз.
Азизбек Исмоилов,
Ал-Бухорий университети иқтисодиёт факультети декани