“Рақамли ўқитувчи” лойиҳаси – муваффақият гарови
Туркиянинг Яқин Шарқ техника университети ва Набитат ташкилоти ҳамкорлигида амалга оширилаётган таълим лойиҳаси муваффақият қозонди. Асосий ғоя – ўқитувчини технологиядан самарали фойдалана оладиган мутахассисга айлантириш.
Бугун таълимда рақамлаштириш фақат электрон доска, планшет ёки онлайн дарс эмас, балки технологиядан таълим сифати ва ўқувчи имкониятини кенгайтириш учун қандай фойдаланиш ҳам. Туркияда амалга оширилаётган “Рақамли ўқитувчи” лойиҳаси доирасида шу вақтга қадар 11 000 дан кўп ўқитувчи рақамли кўникма бўйича таълим олди. Уларнинг синфдаги фаолияти орқали лойиҳанинг билвосита таъсири қарийб 300 000 ўқувчига етиб борди.
Ташаббуснинг дастлабки мақсади ўқитувчини рақамли дунёга мослаштириш ва унга замонавий технологиядан таълим жараёнида фойдаланиш учун зарур кўникма бериш эди. Илк босқичда асосий эътибор бошланғич ва ўрта мактаб ўқитувчиларига қаратилди.
Ўқитувчи рақамли хавфсизлик, шахсий маълумотни ҳимоя қилиш, танқидий фикрлаш, рақамли маҳсулот яратиш, визуал дизайн, тақдимот тайёрлаш, ўлчаш ва баҳолаш каби йўналишларда билим олдилар. Табиийки, технология жадал ўзгаргани сари ўқитувчига қўйиладиган талаб ҳам кучаймоқда. Шу боис лойиҳанинг 11-босқичида дастур мазмуни қайта кўриб чиқилди. Энди дастурга мактабгача таълим ва лицей ўқитувчилари ҳам жалб этилмоқда. Натижада таълимнинг турли босқичлари педагоглари қамраб олинадиган кенг платформа юзага келди.
Таълим мазмуни “рақамли интеллект” ёндашуви асосида янгилангани янги босқичнинг яна бир муҳим хусусиятидир. Мақсад – ўқитувчига фақат янги дастур ёки сунъий интеллектдан фойдаланишни ўргатиш эмас. Муҳими – технологияни танқидий, онгли ва масъулиятли қўллаш маданиятини шакллантириш. Шунинг учун рақамли хавфсизлик ва махфийлик, рақамли контент яратиш, ўлчаш ва баҳолаш, танқидий фикрлаш ҳамда муаммони ҳал қилиш каби кўникмаларга ҳам эътибор қаратилмоқда. Бошқача айтганда, технологияни фақат қандай ишлатиш эмас, балки дарсда қачон ва нима мақсадда қўллаш ҳам ўргатиляпти.
Дастур таъсири фақат курсда қатнашган педагоглар сони билан ўлчанмайди.
Ўқитувчи олган билими ва кўникмасини синфда қўллайди. Ўқувчи эса бевосита билим қабул қилувчига айланади. Шу тариқа биргина ўқитувчи ёрдамида ўнлаб, юзлаб ўқувчи рақамли таълим имкониятидан фойдаланади.

Лойиҳа икки босқичда амалга оширилади. Дастлаб 1 000 ўқитувчи рақамли саводхонлик бўйича таълим олади. Баҳолаш жараёнидан кейин саралаб олинган 100 нафар педагог иккинчи босқичда виртуал ва кенгайтирилган реал технологиядан таълимда фойдаланиш бўйича чуқурлаштирилган дастурда иштирок этади. Яъни, таълим технологияси оддий воситадан интерфаол ўқув муҳитига айланади. Ўқувчи виртуал муҳитда тарихий воқеани кўриши, мураккаб илмий жараённи моделлаштириши ёки ҳаётда амалга ошириш қийин тажрибани рақамли муҳитда ўрганиши мумкин. Бундай ёндашув таълимни фақат маълумот бериш жараёнидан тажрибага асосланган ўқиш шаклига яқинлаштиради.
Таълим ўз-ўзидан ўзгармайди. Технологияни қандай ва нима учун қўллашни биладиган ўқитувчи ўзгаришнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучидир.
2020 йил йўлга қўйилган “Рақамли ўқитувчи” лойиҳаси айни ҳақиқатни кўрсатмоқда: рақамли трансформация аввало қурилма эмас, инсон капитали – ўқитувчидан бошланади. СИ, виртуал реаллик ва рақамли таълим воситаси тобора кенг қўлланаётган бир даврда энг муҳими технология нечоғли кучли эканида эмас, инсоннинг билими, тафаккури ва таълим олиш имконияти қай даражада кенгайишида. Туркиянинг “Рақамли ўқитувчи” лойиҳаси айнан технологияни таълим мақсадига эмас, балки соҳани ривожлантирувчи воситага айлантириш мақсадини кўзлаган.
Нодира Қаюмова, ЎзА
Туркия