Рақамли дунёда ёлғон ахборотга қарши курашиш муаммолари
Бугун тобора рақамлашиб бораётган медиа макон оммавий ахборот воситалари ходимлари олдига янги-янги вазифаларни қўймоқда. Бундай шиддатли медиа тараққиёти жараёнида оқни қорадан ажратиб олиш, ҳар бир маълумотнинг холис ва ҳаққоний эканига ишонч ҳосил қилиш журналистлардан катта билим, масъулият талаб этмоқда. Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси томонидан ташкил этилган “Рақамли дунёда ёлғон ахборотга қарши курашиш муаммолари” мавзусидаги давра суҳбатида шулар ҳақда сўз юритилди.
Мазкур тадбир рақамли ахборот маконида дезинформация ва ёлғон ахборотларнинг тобора кучайиб бораётган таҳдидларига қарши курашиш, медиа саводхонликни ривожлантириш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш ҳамда халқаро тажрибаларни муҳокама қилишга бағишланди.
Давра суҳбатида миллий ва халқаро медиа экспертлари, олимлар, журналистлар ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этди.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси, таниқли ижодкор Шуҳрат Орипов жамиятимизда сўз эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларини фаол қўллаб-қувватлаш, давлат органлари фаолиятининг очиқлигини кенгайтириш, ахборот соҳасини рақамлаштириш ва замонавий медиа маконни шакллантириш борасида мамлакатимизда эътиборга молик ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Шу билан бирга бугун шиддат билан ўзгариб бораётган рақамли технологиялар, сунъий интеллект ҳар жабҳага фаол кириб бораётган бир даврда журналистлар янада катта маҳорат, масъулият, касбий профессионализм билан ўз фаолиятига ёндашиши муҳим экани алоҳида эътироф этилди.
Дарҳақиқат, рақамли дунёда сохта ахборотлар тез тарқалиши сабабли, уларнинг ҳаққонийлигини қисқа вақт ичида текшириш энг долзарб муаммолардан бири ҳисобланади. Замонавий алгоритмлар ва сунъий интеллект технологиялари ёлғон хабарларни аниқлашда ёрдам берса-да, улар доим ҳам манипуляция қилинган контентни тўлиқ фарқлай олмайди. Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлардаги маълумотлар оқимининг ҳаддан ташқари кўплиги фойдаланувчилар учун фактларни мустақил таҳлил қилишни қийинлаштирмоқда. Ёлғон ахборотга қарши курашишда сўз эркинлиги ҳуқуқини бузмаслик талаб этилади. Кўплаб давлатлар ва халқаро ташкилотлар рақамли маконда хавфсизликни таъминлаш мақсадида ҳуқуқий меъёрлар ва қонунчилик базасини такомиллаштириш устида иш олиб бормоқда. Ахборот маданияти ва медиасаводхонликни ошириш жамиятда сохта янгиликларга нисбатан иммунитетни шакллантиришнинг асосий омилларидан бири сифатида кўрилади.
[gallery-30304]
Мамлакатимиз ҳамда қардош Озарбайжон медиа соҳасининг вакиллари иштирок этган мазкур давра суҳбати давомида ахборот хавфсизлиги ва дезинформацияга қарши кураш, медиа маконда деструктив таҳдидларга қарши медиа саводхонлик воситалари, ижтимоий тармоқларнинг ёшлар онгига таъсири каби долзарб масалалар юзасидан маърузалар тингланди.
Давра суҳбати турли мамлакатлар экспертлари ўртасида тажриба алмашиш, замонавий ахборот таҳдидларига қарши самарали ёндашувларни муҳокама қилиш ҳамда медиа соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш учун муҳим мулоқот майдони бўлиб хизмат қилади.
Н.Усмонова,
О.Пардаев (суратлар),ЎзА мухбирлари