Рамазон ойида саховат тадбирлари ўтказилмоқда
Барча ҳудудларда бўлгани каби Навоий вилоятида ҳам ижтимоий ҳимояга муҳтож, эҳтиёжманд оила аъзолари, ногиронлиги бўлган фуқаролар учун ифторлик дастурхонлари ёзилмоқда.

Кейинги йилларда юртимизда “Инсон қадри учун” деган эзгу ғояни ўзида мужассамлаштирган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Президентимизнинг 2023 йил 21 март куни қабул қилинган “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарори ҳам ана шу эзгу мақсадни ўзида мужассам этганлиги билан аҳамиятлидир. Қарорда Рамазон ойини миллий анъана ҳамда қадриятларга мос ва муносиб тарзда ўтказишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланган.
Ушбу улуғ ойда ён-атрофдагиларга меҳр-саховат кўрсатиш, яқинлар ҳолидан хабар олиш ва уларни йўқлаб бориш одат тусига кирган.

Саховатпеша инсонлар ҳомийлигида Хатирчи туманининг Икром Карвон маҳалласида яшовчи ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаро Матлуба Рўзимуродова хонадонида ифторлик дастурхони ёзилди.
Унда иштирок этган 40 нафарга яқин рўзадорлар юртимизга тинчлик-осойишталик, деҳқонларимиз етиштираётган маҳсулотлар ҳосилига барака тилаб, дуо қилди.
Кармана тумани “Лаби ҳовуз” тантаналар уйида ташкил этилган ифторлик дастурхонига эса Мир Саид Баҳром маҳалласида истиқомат қилувчи нуроний отахон ва онахонлар, маҳалла фаоллари ҳамда оқсоқоллари, ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган фуқаролар таклиф этилди.

Шунингдек, Нурота тумани Алишер Навоий маҳалласида яшовчи аҳоли учун ҳам меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган тадбир ташкил этилди.
Ифторлик дастурхони атрофида жам бўлган ёши улуғ отахону онахонлар дуога қўл очиб, юртимизга тинчлик, элимизга омонлик, хонадонларга барака сўради, кўрсатилган ҳурмат-эҳтиром учун миннатдорчилик билдирди.

Вилоятнинг ҳар бир шаҳару қишлоқларида, маҳаллаларда бу каби саховат тадбирлари давом этмоқда.
А.Бўриев, ЎзА