Раҳбарлар қабули хўжакўрсинга ўтказилмайди
Тошлоқ туманида Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров ва вилоят секторлари раҳбарларининг сайёр қабули ўтказилди.
Жойларда ташкил этилаётган сайёр қабуллар аҳоли билан тўғридан тўғри мулоқот қилиш ва муаммоларини ҳал этишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоятдаги Халқ қабулхоналари ҳамда ҳудудий раҳбарлари томонидан ўтган йилда 3 минг 642 та сайёр қабул ўтказилди. Уларда 33 минг 450 та масалада мурожаатлар қабул қилинди, аксарияти ўз ечимини топди.
Раҳбарлар қуйи бўғинга тушиб ишласа, одамлар дардини эшитса уларни қийнаётган масалалар ижобий ҳал бўлади. Сайёр қабуллар ҳисобот, хўжакўрсин учун ўтказиладиган даврлар ўтиб кетди. Бугунги кунда ҳар бир мурожаат эътиборда бўлиб, имкон қадар ечим топиш чоралари кўрилмоқда. Бу борада маҳаллабай, хонадонбай ишлашнинг йўлга қўйилгани, сектор раҳбарларининг кунлик қабуллари ташкил этилаётгани, «Инсон қадри учун» тамойили асосидаги чоралар яхши самара бермоқда.
Шаҳар ва туманлардан келган 71 нафар фуқаро томонидан бандлик, тадбиркорлик, банк кредити олиш, уй-жой, моддий ёрдам, субсидиялар ажратиш, коммунал хизмат, тиббий хизматлар, шунингдек, жойларда маҳаллаларни ободонлаштириш каби масалаларда қилинган мурожаатларнинг кўпи қабул чоғида ўз ечимини топди.
[gallery-6184]
Ўзбекистон туманилик Дилдора Ўринбоеванинг оиласида 8 жон бор. Рўзғор тебратиш унинг гарданида. У вилоят раҳбарига пишириқлар пиширишни йўлга қўйиш орқали даромад топишни мақсад қилганини айтди. Мурожаати ҳал этилиб, 5 миллион сўм миқдорида субсидия бериладиган бўлди. Шу ернинг ўзида бу аёлга микротўлқинли печь ҳам топширилди.
Риштон тумани «Оқ ер» маҳалла фуқаролар йиғинида яшаб келаётган Лолахон Абдуқодирова фарзандлари билан ота уйида яшайди. Сайёр қабулда оиласи учун имтиёзли равишда уй-жой олишга кўмаклашиш юзасидан ёрдам беришларини сўради.
– Қабулга иккиланишлар билан келгандим, раҳбарлар самимий гаплашди – дейди Лолахон Абдуқодирова. – Оилавий шароитимни ҳисобга олиб ҳақ тўланадиган жамоат ишига таклиф қилишди. Имтиёзли асосда уй-жой билан таъминлаш, субсидия ажратиш масаласида ёрдам бериладиган бўлди.
Ҳал этилиши учун муддат талаб этадиган мурожаатлар бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилиб, ижроси қатъий назоратга олинди. Шунингдек, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга доир масалалар ҳам соҳа мутасаддиларига йўналтирилди.
М.Сулаймонов, М.Қодиров (сурат), ЎзА