“Раҳбар ва ёшлар” учрашуви
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси Шуҳрат Ориповнинг Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети қорақалпоқ филологияси ва журналистика факультети талабалари билан учрашуви бўлиб ўтди.
Пайшанба “Ёшлар куни” куни муносабати билан ташкил этилган учрашувда таъкидланганидек, мамлакатимизда иқтидорли ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларни илмий-техник фаолиятга кенг жалб қилиш, иқтидорли ёшларнинг билим, кўникма ва малакасини ошириш, инновацион ғояларини амалиётга татбиқ этиш ҳамда ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимиз ташаббуси билан ҳафтанинг ҳар пайшанба куни “Ёшлар куни” этиб белгиланиши мамлакатимизда ёш авлодга қаратилаётган юксак эътиборнинг яна бир ёрқин ифодасидир. Мазкур ташаббус ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини ўрганиш, бандлигини таъминлаш ҳамда бўш вақтини мазмунли ташкил этишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Тадбирда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси томонидан ҳар йили ўтказилаётган танловлар ҳақида маълумот берилиб, уларда қорақалпоғистонлик журналистларнинг фаол иштирок этаётгани алоҳида қайд этилди. Шунингдек, ёш журналистларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш ва тажрибасини орттириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида сўз юритилди.
Учрашув якунида талаба ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олишди. Факультет жамоасига Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси томонидан китоблар жамланмаси топширилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири