“Аёллар дафтари”: ёрдам турлари ва механизмлари янгиланди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш марказида Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг “Аёллар дафтари” тизимидаги янгиликларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Матбуот анжуманида эҳтиёжманд хотин-қизларга кўрсатиладиган ёрдамларнинг янги турлари, улардан фойдаланиш шартлари ва молиялаштириш тартиби ҳақида маълумот берилди.
Қайд этилганидек, Президентнинг 2026 йил 11 сентябрдаги «Барқарор иш ўринларини яратиш ва кичик бизнесни жадал ривожлантириш орқали аҳоли даромадларини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони доирасида “Аёллар дафтари” жамғармаси маблағларидан фойдаланиш ва ёрдамларни тақдим этиш механизмлари янгиланди.
[gallery-32365]
Жамғарма ҳисобидан кўрсатиладиган ёрдам ва хизматлар 11 тадан 18 тага етказилди. Жумладан, 6 тасининг амалдаги тартиби сақланди, 5 таси такомиллаштирилди, 7 та янги йўналиш қўшилди. Такомиллаштирилган ёрдамлар орасида тиббий хизматлар муҳим ўрин тутади. Жарроҳлик амалиётисиз даволанишга 22 миллион сўмгача, илгари назарда тутилмаган диагностика текширувларига 4,4 миллион сўмгача маблағ ажратилади.
Операция харажатлари давлат ёки хусусий тиббиёт муассасаси билан тузилган шартнома асосида қопланади. Уй-жойни таъмирлаш учун 22 миллион сўмгача ёрдам миқдори сақланиб, молиялаштириш тартиби ўзгартирилди. Ижара тўловининг 50 фоизини қоплаш доирасида компенсация туман ва шаҳарларда 2,2 миллион сўмгача, Тошкент, Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларида 2,64 миллион сўмгача оширилди.
Шунингдек, Ижтимоий реестрга киритилган оилаларнинг тегишли талабларга жавоб берувчи хотин-қизлари ёки икки ва ундан ортиқ фарзандининг бир нафари учун олий таълим тўлов-контрактининг 50 фоизигача, бироқ 22 миллион сўмдан ошмаган қисми қопланади. Эндиликда ушбу ёрдам кундузги билан бирга кечки ва масофавий таълимга ҳам татбиқ этилади, ушбу ёрдам йилда бир марта ажратилиши мумкин. Агар оила эҳтиёжманд бўлса, ҳар йили тўлаб берилиши мумкин.
Хотин-қизларга турар жой ижараси учун компенсация тўлаб бериш тарзидаги ижтимоий ёрдамни кўрсатиш тартиби ҳам соддалаштирилди. Бунда, эҳтиёжманд 30 ёшдан ошган хотин-қизларнинг ижара тўловининг 50 фоизи, бироқ БҲМнинг 5 бараваригача - 2 миллион 200 минг сўмгача, Тошкент ва Нукус шаҳри ҳамда вилоятлар марказларида БҲМнинг 6 бараваригача - 2 миллион 640 минг сўмгача тўлаб берилади. Ижара компенсация пуллари олдинга нисбатан БҲМнинг 3 бараваригача - 1 млн 320 минг сўмгача оширилди.
Ёрдам ажратишда туман (шаҳар) штабларининг ваколатлари кенгайтирилиб, оилаларнинг ҳақиқий эҳтиёжидан келиб чиқиб қарор қабул қилиш имконияти яратилди.
“Аёллар дафтари” тизимига киритилаётган бу галги янгиликлар хотин-қизларни шунчаки ижтимоий нафақа билан таъминлаш эмас, балки уларни муқим даромад манбаига эга қилишга қаратилгани билан аҳамиятли. Кўрсатилаётган ёрдам турларининг кенгайтирилиши ва молиялаштириш тизимининг рақамлаштирилгани маблағларнинг ўз эгаларига шаффоф етиб боришини таъминлайди. Зеро, хотин-қизларнинг иқтисодий мустақиллигига инвестиция киритиш — мамлакатнинг барқарор ривожланиши ва келажак авлод фаровонлигининг мустаҳкам кафолати.
Гулноза Бобоева,
Ўктам Ҳайитов (сурат),
ЎзА