Раҳбар ва масъул ходимлар қаттиқ огоҳлантирилди
Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Шуҳрат Aлиев мутасадди раҳбарлар иштирокида Республикамизнинг криминоген вазияти оғир деб баҳоланган 45 та шаҳар ва туманларидан бири Бухоро шаҳрида жиноятларни жиловлаш, ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш борасида амалга оширилаётган манзилли тадбирларнинг 7 ойлик якунларини муҳокама қилди.
Унда Бухоро шаҳар ҳокими ва сектор раҳбарлари, Бухоро шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасининг барча шахсий таркиби, шаҳарнинг криминоген вазияти оғир, қизил тоифага кирган маҳаллаларига ички ишлар бошқармаси соҳавий хизматларидан бириктирилган масъул ходимлар ва бошқа мутасаддилар қатнашди.

Йиғилишда шаҳар ҳудудини жиноятлардан холи ҳудудга айлантириш, қизил тоифага кирган маҳаллаларда жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш борасида амалга оширилган профилактик тадбирлар, йўл қўйиб келинаётган тизимли камчиликлар юзасидан маҳаллаларга бириктирилган масъул раҳбарлар, профилактика инспекторлари ва бошқа мутасаддиларнинг ҳисоботлари тингланди. Масъуллар томонидан маҳаллаларда жиноятчиликни жиловлаш, қизил маҳаллаларни яшил тоифага ўтказиш борасида келгусида амалга ошириладиган ишлар ва таклифлар бирма-бир таҳлил қилинди.
Шаҳар ҳудудидаги 15 та криминоген вазияти оғир қизил тоифага кирган маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани профилактика инспекторлари ва ушбу маҳаллаларга бириктирилган масъулларнинг амалга оширган ишлари танқидий кўриб чиқилди. 7 ойлик иш натижалари бўйича паст кўрсаткич қайд этилган масъуллар ва профилактика инспекторларининг фаолияти қониқарсиз деб баҳоланди.
Танқидий руҳдаги муҳокама йиғилишида шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси Жиноят қидирув, Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, Жамоат тартибини сақлаш, Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлимлари, 1,2,3 ва 4-сон ИИБ раҳбар ва масъул ходимлари қаттиқ огоҳлантирилди. Бир қатор масъулларга нисбатан интизомий таъсир чораларини қўллаш борасида қарорлар қабул қилинди.
Йиғилишда ходимлар, айниқса профилактика инспекторларининг хизмат ва турмуш шароитларини яхшилаш борасидаги вазифалар ҳам муҳокама қилинди. Энг аввало мавжуд муаммоли масалаларни ҳал этиш чоралари белгилаб олинди. 7 ойлик иш натижалари бўйича юқори кўрсаткичга эришган бир қатор ходимлар вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ташаккурномаси ва пул мукофотлари билан тақдирланди.
Криминоген вазияти оғир маҳаллаларда жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олишга қаратилган профилактик тадбирлар юзасидан барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳамда бошқа давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда амалга оширилиши лозим бўлган манзилли тадбирлар жамланган “Йўл харита”ларини ишлаб чиқиб ижрога қаратиш, ушбу маҳаллаларни яшил ҳудудга айлантириш борасида топшириқ ва кўрсатмалар берилди.

Йиғилиш якунида бошқарма бошлиғи полковник Шухрат Aлиев томонидан Ҳайъат йиғилишида берилган топшириқлари бирма-бир тушунтириб берилди. Ижро интизомига қатъий риоя қилиш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни барвақт олдини олиш, бу борадаги тезкор, профилактик ва ташкилий тадбирларни ўз вақтида, сифатли ва самарали ташкил этиш, зиммаларига юклатилган вазифаларни бажаришда ташаббус кўрсатиб, ҳамкорликда хизматни ташкил этишлари таъкидланди.
Зариф Комилов, ЎзА