Радиоактив чиқиндиларга оид муносабатлар тартибга солинади
Бугунги кунда саноат, тиббиёт, фан ва бошқа тармоқлар ривожлангани сари ушбу йўналишлар фаолияти натижасида ҳосил бўладиган радиоактив чиқиндилар ҳам ортиб боради.
Бу эса ушбу турдаги чиқиндиларни ташиш, сақлаш, қайта ишлаш ва кўмиш каби жараёнларни, умуман соҳага оид муносабатларни тартибга солишда ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлашни тақозо этади.
Айни шу масалаларга қаратилган “Радиоактив чиқиндилар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг йиғилишида иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, ушбу қонун лойиҳасида ҳозирги ва келажак авлодлар манфаатларини кўзлаган ҳолда аҳолининг ҳаётини, соғлиғини ва мол-мулкини ҳамда атроф-муҳитни радиоактив чиқиндиларнинг салбий таъсиридан муҳофаза қилиш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, радиоактив чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги хавфсизликни давлат томонидан тартибга солувчи органнинг ва республика ижро этувчи ҳокимият органларининг ҳамда эксплуатация қилувчи ташкилотларнинг мазкур соҳадаги жавобгарлиги ва вазифалари белгиланмоқда.

Бундан ташқари, радиоактив чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги хавфсизликни давлат томонидан тартибга солувчи органларнинг қарорлар қабул қилиш ва ўз ваколатларини амалга ошириш борасидаги мустақиллиги каби масалалар инобатга олинган.
Радиоактив чиқиндиларни давлат томонидан ҳисобга олиш, радиациявий ва экологик ҳолатни мониторинг қилиш, тегишли объектлар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда фуқаролар ва жамоат ташкилотларининг ахборот олиш ҳуқуқларини кафолатлашга алоҳида эътибор қаратилган.
М.Комилова,
ЎзА