Тинчлик бор экан – осойишталик посбонлари ҳам байрам қилади
Юртимизда тинчлик ва осойишталик таъминланишига муносиб ҳисса қўшаётган Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари ходимлари куни катта шукуҳ билан нишонланди.
Чунки мустақил Ўзбекистон Ички ишлар органларининг ташкил этилганига бу йил 35 йил тўлди. Мазкур сана муносабати билан Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ички ишлар органлари ходимлари ва фахрийларига табрик йўллади.
Шу билан бирга, давлатимиз раҳбарининг “Ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан бир гуруҳ ходимларни мукофотлаш тўғрисида”ги фармони ҳам эълон қилинди.
ИИВ Маданият саройида бўлиб ўтган тантанали тадбирда ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Азиз Тошпўлатов давлатимиз раҳбарининг соҳани янада ривожлантириш бўйича олиб бораётган кенг қамровли ислоҳотларини эътироф этди. Ислоҳотлар туфайли ички ишлар органлари аҳолига очиқ, ҳисобдор ва халқчил тизимга айланди.
2016 йилда ички ишлар органлари фаолиятида 6 та ахборот тизими мавжуд бўлган бўлса, бугун уларнинг сони 62 тага етказилиб, шундан 43 таси амалиётга жорий этилди. Вазирлик томонидан кўрсатилаётган 60 та давлат хизматининг 55 таси тўлиқ рақамли шаклда тақдим этилмоқда. Барча ҳужжатлар айланмаси ҳам рақамли шаклга ўтказилди.
Ички ишлар вазирлигининг ўттиз беш йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармони билан тақдирланган ходимларга Ватанимизнинг юксак мукофотлари тантанали равишда топширилди.
Халқаро форумлар саройида бўлиб ўтган тантанали тадбирда “ИИВ таълим муассасалари: кеча ва бугун” ҳамда “Янги Ўзбекистон – янги ички ишлар органлари” номли фото ва видеокўргазмалар ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Коммуникациялар департаменти раҳбари — Президент матбуот котиби Шерзод Асадов давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг тизим ходимлари ва фахрийларига йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди.
[gallery-32156]
Байрам тадбирлари пойтахт кўчалари бўйлаб дронлар кузатуви остида ҳаракатланаётган Ички ишлар органларининг шахсий таркиби, махсус ва замонавий техникалар, хизмат автомашиналари паради билан давом этди.
Ватанпарварлик ва тинчликни асраш ғояларини ўзида мужассам этган мазкур намойиш пойтахтимиз меҳмонлари, жамоатчилик вакилларида катта таассурот қолдирди.
Норгул Абдураимова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат),
ЎзА