Радиация хавфига қарши ҳамжиҳатликда кураш олиб борилади
Тинчлик — бу фақат урушнинг йўқлиги эмас. Тинчлик, аввало, инсон ҳаёти ва саломатлигига таҳдид солиши мумкин бўлган ҳар қандай хавфнинг олдини олишга қодир тизимнинг мавжудлигидир. Бугун дунёда хавфсизлик тушунчаси тобора кенгайиб бораётган бир шароитда радиация ва ядровий хавфсизлик масаласи ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда.
Зеро, кўзга кўринмайдиган радиациянинг оқибати ниҳоятда жиддий бўлиши, радиоактив материалларнинг ноқонуний муомаласи эса нафақат алоҳида инсон, балки бутун жамият хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин. Шу боис бундай хавфларни барвақт аниқлаш, уларга тезкор ва тўғри жавоб қайтариш, масъул идоралар ўртасида аниқ ҳамкорликни йўлга қўйиш замонавий хавфсизлик тизимининг муҳим шартларидан биридир. Ана шундай масъулиятли вазифаларга бағишланган 4 кунлик ўқув курси Бухорода ўз ишини бошлади. Мазкур муҳим тадбир Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси ҳамда Америка Қўшма Штатлари Энергетика вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилмоқда. Унда соҳанинг турли йўналишларига масъул бўлган 11 та вазирлик ва идора вакиллари иштирок этмоқда. Бу эса ўқув курсининг оддий назарий машғулот эмас, балки мамлакатда радиация ва ядровий хавфсизликни таъминлаш бўйича идоралараро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган муҳим амалий платформа эканини кўрсатади.
Тадбирнинг очилиш маросимида АҚШ Энергетика вазирлиги вакиллари Sh.Xefernan, A.Bekerra, P.Kolbas сўзга чиқди. Божхона қўмитаси Халқаро ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи Ш. Мўминов америкалик мутахассисларни юртимизга ташрифи билан қутлаб, уларнинг халқаро тажриба ва амалий билимларини ўзбекистонлик мутахассислар билан ўртоқлашаётгани учун ташаккур айтди.
Аслида бу каби ҳамкорликнинг аҳамиятини биргина тадбир доираси билан ўлчаб бўлмайди. Чунки ядровий ва радиацион хавфлар чегара билмайди. Бир мамлакатда юзага келган хавфнинг оқибати қисқа вақт ичида бошқа ҳудудларга ҳам таъсир қилиши мумкин. Шу маънода, халқаро тажрибани ўрганиш, замонавий аниқлаш технологиялари ва тезкор ҳаракат механизмларини ўзлаштириш, масъул ходимларнинг касбий салоҳиятини ошириш — бугунги куннинг кечиктириб бўлмайдиган вазифаларидан биридир.


Ўқув курси давомида асосий эътибор радиация ва ядровий хавфларни аниқлаш, уларга тезкор жавоб қайтариш бўйича идоралараро ҳамкорликни кучайтиришга қаратилади. Шунингдек, масъул тузилмаларнинг амалий салоҳиятини ошириш, радиоактив материалларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш механизмларини такомиллаштириш, хавфли ҳолатларда аниқ ва мувофиқлаштирилган ҳаракатларни таъминлаш масалалари муҳокама қилинади. Айниқса, амалий машғулотларга алоҳида эътибор қаратилиши муҳим. Чунки фавқулодда вазиятда ҳар бир сония қиммат. Бундай пайтда ким биринчи ҳаракат қилади, қайси идора қандай вазифани бажаради, ахборот кимга ва қандай тартибда етказилади, хавф манбаси қандай аниқланади — буларнинг барчаси олдиндан пухта ишлаб чиқилган механизмни талаб этади. Шу сабабли курс иштирокчилари идоралараро тезкор ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш, фавқулодда ҳолатларда ҳамкорлик қилиш ва юзага келиши мумкин бўлган хавфларга мувофиқ ҳаракатланиш бўйича амалий кўникмаларини мустаҳкамлайдилар. Айниқса, бу божхона ходимлари учун жуда муҳимдир. Чунки мамлакат чегаралари орқали ҳаракатланаётган товарлар, юклар ва бошқа объектлар устидан самарали назорат ўрнатиш радиоактив материалларнинг ноқонуний олиб кирилиши ёки олиб чиқилишига йўл қўймасликда муҳим ўрин тутади.
Бугун Ўзбекистонда инсон қадри, унинг ҳаёти ва саломатлигини муҳофаза қилиш, мамлакат хавфсизлигини мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, замонавий таҳдидларга қарши самарали чора-тадбирларни кучайтириш, давлат органларининг касбий ва техник салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.


Бухорода ўтказилаётган мазкур ўқув курси ҳам ана шу кенг кўламли сиёсатнинг амалий ифодаларидан биридир. Чунки бу ерда гап фақат радиоактив моддаларни аниқлаш ёки уларнинг ноқонуний ҳаракатига чек қўйиш ҳақида эмас. Гап — инсон ҳаётини асраш, келажак авлод саломатлигини муҳофаза қилиш, мамлакат хавфсизлигини янги таҳдидлардан ҳимоя қилиш ҳақида кетмоқда. Мазкур курснинг яна бир аҳамиятли жиҳати — Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги амалий ҳамкорликнинг янги йўналишларда ривожланаётганидир.
АҚШ Энергетика вазирлиги мутахассисларининг Бухорога ташрифи доирасида халқаро тажриба, илғор ёндашувлар ва замонавий хавфсизлик механизмлари ўрганилмоқда. Энг муҳими, хорижий тажриба тайёр қолип сифатида эмас, балки мамлакатимиз шароитига мослаштирилган ҳолда амалиётга татбиқ этилиши кўзда тутилмоқда. Эслатиш жоизки, мазкур ўқув курси Божхона қўмитаси раисининг АҚШга амалий ташрифи доирасида АҚШ Энергетика вазири билан имзоланган ҳамкорликдаги тадбирлар режаси асосида ташкил этилмоқда. Бу эса халқаро келишувларнинг қоғозда қолиб кетмаётгани, улар аниқ мақсад ва амалий натижага йўналтирилаётганидан далолат беради.
Бугунги дунёда хавфсизликни таъминлашнинг энг самарали йўли — хавф юзага келганидан кейин унга қарши курашиш эмас, балки уни олдиндан кўра билиш ва бартараф этишдир.
Радиация ҳам ана шундай кўзга кўринмас, аммо оқибати ўта жиддий бўлиши мумкин бўлган таҳдидлардан бири. Шунинг учун бу соҳада ҳар бир мутахассиснинг билими, ҳар бир қурилманинг ишончлилиги, ҳар бир идоранинг ҳаракати ва энг муҳими, улар ўртасидаги ҳамжиҳатлик ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Ўқув курси ана шу мақсадга хизмат қилади. Бу ерда ўрганилаётган ҳар бир билим, бажарилаётган ҳар бир амалий машқ, ишлаб чиқилаётган ҳар бир ҳаракат режаси эртага юзага келиши мумкин бўлган хавфнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири