Ўзбекистон ва FAO ҳамкорлиги янги йўналишларда давом эттирилади
Тошкентда озиқ-овқат хавфсизлиги, иқлим ўзгариши ва қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантириш масалаларига бағишланган нуфузли халқаро тадбирлар ўтказилиши арафасида Ўзбекистон ва БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ҳамда истиқболлари муҳокама қилинди.
Жорий йилнинг 7–8 октябрь кунлари пойтахтимизда “Денгизга чиқиш имконияти бўлмаган ривожланаётган давлатларнинг озиқ-овқат хавфсизлигига бағишланган халқаро форум” ҳамда Бутунжаҳон пахта куни муносабати билан йирик халқаро конференция ўтказилади.

Мазкур тадбирлар олдидан Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов мамлакатимизда амалий ташриф билан бўлиб турган БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти бош директори Сюй Дунъюй билан учрашди. Мулоқотда глобал иқлим ўзгаришининг қишлоқ хўжалигига салбий таъсирини юмшатиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аграр соҳанинг барқарорлигини ошириш ҳамда бугунги кунда алоҳида эътибор қаратиш лозим бўлган устувор йўналишлар юзасидан фикр алмашилди.

Шунингдек, Ўзбекистон ва FAO ҳамкорлиги доирасида шу кунга қадар амалга оширилган лойиҳалар самарадорлиги юқори баҳоланди. Аграр соҳадаги ҳамкорликни янги йўналишларда изчил давом эттириш, мавжуд имкониятлардан янада самарали фойдаланишга келишилди.
Халқаро форумда денгизга чиқиш имконияти бўлмаган ривожланаётган давлатлар, халқаро молия ташкилотлари, илмий доиралар, хорижий экспертлар ва хусусий секторнинг юқори мартабали вакиллари иштирок этиши кутилмоқда. Тадбир доирасида озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, иқлим ўзгаришига мослашиш, қишлоқ хўжалигида замонавий ёндашувларни жорий этиш ва барқарор аграр тизимни шакллантириш билан боғлиқ долзарб масалалар муҳокама қилинади.

Бугунги кунда иқлим ўзгариши, сув ресурсларининг чеклангани ва озиқ-овқатга бўлган талабнинг ортиши аграр соҳада халқаро ҳамкорликни янада кучайтиришни тақозо этмоқда. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон ва FAO ўртасидаги ҳамкорликнинг янги босқичга кўтарилиши мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантиришга қаратилган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаши билан аҳамиятлидир.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА