Рабат ГЭС – Қашқадарёнинг энергетик салоҳиятини юксалтирувчи янги лойиҳа
Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманида янги гидроэлектр станцияси – Рабат ГЭС фойдаланишга топширилди. Мазкур энергетика объектининг ишга туширилиши ҳудудда электр энергияси ишлаб чиқариш қувватларини ошириш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланиш ва энергетика тизими барқарорлигини таъминлашда муҳим қадам бўлди.
Куни кеча станциянинг расмий очилишига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги мутасаддилари, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ бошқаруви раиси ўринбосари Фаррух Нуриллаев, соҳавий корхоналар раҳбарлари, пудратчи ва қурилиш ташкилотлари вакиллари, соҳа мутахассислари, маҳаллий фаоллар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

“Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан амалга оширилган лойиҳа Шаҳрисабз туманининг ижтимоий-иқтисодий ривожига ҳисса қўшиш, ҳудуднинг энергетик салоҳиятини ошириш ва аҳоли ҳамда иқтисодиёт тармоқларини барқарор электр энергияси билан таъминлашга қаратилган.

Умумий ўрнатилган қуввати 6,2 мегаватт бўлган Рабат ГЭСда йилига ўртача 26,2 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Бу қарийб 11 мингта хонадоннинг электр қувватига бўлган эҳтиёжини таъминлаш имконини беради.
Лойиҳанинг яна бир муҳим жиҳати анъанавий ёқилғи ресурсларини тежаш имкониятидир. Станция фаолияти натижасида йилига 8 миллион куб метр табиий газ ва 6,7 минг тонна кўмирни иқтисод қилиш мумкин. Бу эса энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланиш билан бирга атмосферага чиқариладиган зарарли чиқиндиларни камайтиришга хизмат қилади.

Шу маънода, Рабат ГЭСнинг ишга туширилиши мамлакатда “яшил энергетика” улушини ошириш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш борасидаги ишларга муносиб ҳисса қўшади.
Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-163-сон қарори ижроси доирасида амалга оширилди. Қашқадарё вилоятида Рабат, Чаппасуй ва Тамшуш ГЭСларини барпо этишни назарда тутувчи инвестициявий лойиҳа учун жами 69,5 миллион доллар маблағ йўналтирилган. Шундан 20,4 миллион доллари Рабат ГЭС лойиҳаси ҳисобига тўғри келади.

Эътиборлиси, мазкур лойиҳа доирасида Чаппасуй ва Тамшуш ГЭСларини ҳам яқин муддатларда фойдаланишга топшириш режалаштирилган.
Янги энергетика объектларининг ишга туширилиши Қашқадарёнинг гидроэнергетик имкониятларидан янада самарали фойдаланиш, электр қуввати ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш ва ҳудудларда энергия таъминоти барқарорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Энг муҳими, бу каби лойиҳалар табиий ресурсларни тежаш, экологик барқарорликни таъминлаш ва келгуси авлодлар учун тоза қувват манбаларини кўпайтиришга қаратилган ислоҳотларнинг амалий ифодасидир.
Ўлмас Баротов,
ЎзА мухбири