Рақс санъатимизнинг янги даври
Миллий рақсларимиз чиндан ҳам бетакрор, жозибали.
Миллий рақсларимиз чиндан ҳам бетакрор, жозибали. Саҳнада афсонавий парилар каби чарх ураётган қизларнинг ўйинию миллий рақс либосларини дунёнинг ҳеч еридан топиб бўлмайди. Каттаю кичикни, турли миллат вакилларини бирдек жўшиб, завқлантира оладиган “Лазги“дек рақс жаҳоннинг яна қайси мамлакатида бор?!
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 4 февралда қабул қилган “Миллий рақс санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида“ги ҳамда “Рақс санъати соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва илмий салоҳиятни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида“ги қарорлари миллий рақс санъатимизни янги босқичга олиб чиқишда кўплаб истиқболларни очиб беради. Бу ҳақда Ўзбекистон халқ артисти, рақсга оид бир қатор китоблар муаллифи Гавҳар МАТЁҚУБОВА ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди:
– Президентимизнинг миллий маданиятимиз ва санъатимизга дахлдор барча фармон ва қарорларини доимий кузатиб бораман. Ҳеч шубҳасиз, айтиш мумкинки, уларнинг бари миллий санъатимизнинг юксалиши йўлида хизмат қилмоқда. Шаҳрисабзда халқаро мақом санъати фестивали, Термизда бахшичилик санъатига оид халқаро фестиваль, Хоразмда “Рақс сеҳри“ миллий рақс фестивали мунтазам ўтазилмоқда.
Яқиндагина эълон қилинган қарорлар эса миллий рақс санъатимизнинг янада равнақ топиши йўлида яна бир муҳим амалий қадам бўлди. Ўзбек санъатини дунёга танитган афсонавий “Баҳор“ рақс ансамблининг қайта тикланиши барча санъат аҳлини бирдек қувонтирди. Рости, устоз санъаткор Мукаррама Турғунбоеванинг мероси йўқолиб бориш арафасида эди, десак муболаға бўлмайди. Опанинг миллий рақс борасида ўз мактаби, бетакрор анъаналари бор эди.
Шу маънода “Баҳор“ рақс ансамбли аксарият раққосалар, шу жумладан, мен учун ҳам катта мактаб, айтиш мумкин бўлса, академия вазифасини ўтаган эди. Негаки, рақс санъати шундай бир чексиз уммонки, унда раққоса неча йил фаолият кўрсатишидан қатъи назар, барча жиҳатларни, билимларни тўлиқ эгалладим, деб айтолмайди. Мен ҳам “Баҳор“да, Мукаррама опа мактабида Ўзбекистон халқ артистлари Маъмура Эргашева, Равшаной Шариповалар сингари маҳоратимни, истеъдодимни чархлаганман. “Баҳор“ юртимиз раққосалари учун стажировка ўташ маскани ҳам эди.
Рақс санъатимизнинг ҳозирги ҳолати шундан иборатки, у кўпроқ илмий ёндашувга эҳтиёж сезмоқда. Эндиликда Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактаби негизида давлат олий таълим муассасаси шаклида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тизимида Ўзбекистон давлат хореография академияси ташкил этилади. Академияда эса рақснинг илмий жиҳатлари билан шуғулланиш имкониятлари кўпроқдир. Бу янги-янги дарсликлар, ўқув адабиётлари, китоблар яратиши учун пойдевор саналади. Шу орқали кўплаб илмий тадқиқотлар натижалари бўйича маънавий-маърифий ва илмий-оммабоп адабиётларни тайёрлаш ва нашр қилиш учун кенг имкониятлар эшиги очилди, дейиш мумкин.
Бугун замон шиддат билан ривожланиб бормоқда. Демак, рақс санъати учун ҳам янги, бойитилган дарсликлар ғоят муҳимдир. Ҳали ҳамон хореорафияда қабул қилинган етти позиция бизнинг миллий рақсларда ҳам қўлланиб келинмоқда. Ушбу позициялар француз рақс мактабида ҳам, рус хореографиясида ҳам қўлланилади. Бундай қарашларни ўзгартириш фурсати аллақчон етди. Ваҳоланки, миллий рақс санъатимизнинг ҳозири ривожланиш жараёнига 7 позиция эмас, балки 10, 20, 30 позицияни ҳам жорий этиш мумкин. Буларнинг бари соҳага чуқур ва мукаммал илмий ёндашувни, изланиш ва тадқиқотни талаб этади, албатта.
Авваллари ҳеч қайси ҳужжатда балетмейстерларга тааллуқли жиҳатлар йўқ эди. Агар хореография ўқитувчиси ёшларга рақс санъатидан дарс берса, балетмейстер раққосаларнинг фаолияти учун тўлиқ масъулиятли, жавобгар мутахассис саналади. 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб Бухоро, Қарши, Наманган ва Урганч шаҳарларида Академия ҳузурида ихтисослаштирилган бошланғич рақс санъати мактаб-интернатлари ташкил этилади. Кадрлар тайёрлаш жараёнига соҳанинг етук ва малакали мутахассисларини жалб қилиш орқали илм-фан ва таълимнинг ўзаро интеграциясини таъминлашга, рақс санъати бўйича юқори малакали бакалавр ва магистрларни, шунингдек, ушбу соҳада чуқур тадқиқотлар олиб борувчи илмий ва илмий-педагог кадрларни тайёрлашга жиддий эътибор қаратилади.
Бир сўз билан айтганда, давлатимиз раҳбарининг миллий рақс санъатига оид қарорлари соҳа равнақида янги босқични бошлаб беражак.