Қуюв-прокатлаш мажмуаси ҳисобига 1,5 миллиард долларлик маҳсулотларни ўзимизда ишлаб чиқариш имконияти яратилмоқда
Президент Шавкат Мирзиёев қора металлургия саноатини янги босқичга олиб чиқиш бўйича устувор вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказмоқда.
Иқтисодиёт янги технологик ривожланиш босқичига ўтаётгани сабабли барча тармоқларда янги турдаги металл маҳсулотларига талаб ортиб бормоқда.
Шу боис, металл маҳсулотлари ассортиментини кўпайтириш учун йирик комбинатлар ва хусусий корхоналар ўртасида кооперацияни кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
Биргина чоксиз қувурга мамлакатимизда 280 миллион долларлик талаб бор. Асосий савдо ҳамкорларимиз ҳам йилига 1,5 миллиард долларлик шундай маҳсулот импорт қилмоқда.
Ҳисоб-китобларга кўра, чоксиз қувур ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш учун 275 миллион доллар инвестиция талаб этилади. Бу орқали йилига 450 миллион долларлик маҳсулот ишлаб чиқариш, шундан 170 миллион долларлик қисмини экспортга йўналтириш мумкин.
Бугун ишга туширилган Қуюв-прокатлаш мажмуаси ҳисобига автомобилсозлик, махсус транспорт, технологик ускуналар, маиший ва қишлоқ хўжалиги техникалари, қурилиш материаллари соҳаларида 1,5 миллиард долларлик маҳсулотларни ўзимизда ишлаб чиқариш имконияти яратилмоқда.
Мутасаддиларга уч ойда чоксиз қувур, совуқ прокат, метални 3D усулда босиб чиқариш ва юқори аниқликда ишлов бериш бўйича лойиҳалар пакетини тайёрлаб, ишни бошлаш топширилди.
ЎзА