Бекобод комбинатида қора металлургия бўйича кафедра очилиб, дуал таълим йўлга қўйилади
Президент Шавкат Мирзиёев қора металлургия саноатини янги босқичга олиб чиқиш бўйича устувор вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказмоқда.
Металлургия саноатининг “ақл маркази” сифатида Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази белгиланди.
Шунингдек, соҳага Навоий комбинатининг марказий илмий-тадқиқот лабораторияси, Олмалиқ комбинатининг илмий-технологик маркази, Технологик металлар комбинатининг “Ўзбекистон – Корея” илмий-технологик маркази, Тошкент техника университети, Навоий кончилик ва технологиялар университети, Олмалиқ техника институти ҳамда “Москва пўлат ва қоришмалар институти”нинг Олмалиқ филиали бириктирилди.
Ушбу илмий муассасалар ва олийгоҳлар янги турдаги материалларга талабни, уни қоплаш учун қайси ҳудудда қандай лойиҳа қилиш ва қандай технологиядан фойдаланиш зарурлигини, қайси йўналишларда кадр тайёрлаш кераклигини таҳлил қилади.
Соҳани ривожлантириш бўйича ҳар бир ҳудуд кесимида бир йиллик, уч йиллик ва беш йиллик дастурлар ишлаб чиқилиб, вилоят ҳокимларига етказилади.
Янги ўқув йилидан Бекобод комбинатида қора металлургия бўйича кафедра очилиб, дуал таълим йўлга қўйилади.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказига металлургия соҳасидаги муаммоларни бир жойга жамлайдиган рақамли платформани ишга тушириш топширилди.
ЎзА