Қуёшни уйғотар қишлоқ аёли
15 октябрь – Халқаро қишлоқ аёллари куни
Қишлоқ аёли ҳақида гап кетганида кўз ўнгимизда юзлари офтобда қорайган, қўллари меҳнатдан қадоқ бўлган, сўзлаганда тортиниб, қимтиниб турадиган, фарзандлари ютуқлари ҳақида гапирганида мақтовлардан кўзлари порлайдиган аёл гавдаланади.
У уй ишларидан ортиб, дала ёки ўз томорқасида меҳнат қилади, рўзғор юкини турмуш ўртоғи билан баравар тортишга интилади – “чарчадим” деган сўз унга бегона. Қишлоқ аёли ҳаммадан кеч ётиб, эрта туради – қуёшни биринчилардан бўлиб қарши олади. Унинг наздида оилага барака қуёш нурлари билан кириб келади. Аслида ҳам шундай. Оллоҳ эрта турганнинг ризқини мўл қилиб яратган.

Дилрабо Жузбаева ҳам ана шундай меҳнаткаш, кунни кун, тунни тун демайдиганлардан. Уни қишлоқнинг матонатли аёлларидан бири, дейиш мумкин. У Навоий вилояти Нурота туманининг Темирқовуқ қишлоғида туғилиб, Қўзибойқудуқ қишлоғига келин бўлган.
Д.Жузбаева юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан қадамба-қадам одимлаётган, берилаётган имкониятлардан оқилона фойдаланиб, фаровон ҳаёт кечираётган аёллардан бири.
Чўпонлик касби машаққатли иш. Бу касбни ардоқлаганлар эса кам бўлмайди. Меҳнатдан орланмайдиган, матонатли аёл бугун кенг ва бепоён далада қўй боқиб, чўпонлик қилмоқда. Чўпоннинг отарида бугунги кунда минг бош атрофида қўй-қўзиси бор.
– Чўпонлик бизга авлоддан-авлодга ўтиб келаётган ота касб, – дейди қаҳрамонимиз. – Чўпонлик таёғини отамдан қабул қилиб олганман. Мана қарийб 20 йилдирки, чўпонлик қиламан. Ҳаётим мазмуни шу. Бу касб машаққатли, кеча-ю кундуз қўй орқасидан юриш керак. Туёқ сонининг ошиши – меҳнатга боғлиқ. Меҳнат қилсангиз, кам бўлмайсиз. Қанча кўп меҳнат қилсангиз, шунча кўп даромад топасиз. Шамолли, ёғин-сочинли кунларнинг ҳар бирида чорва молларини парваришлашга алоҳида эътибор қаратиш керак.
Авлоддан авлодга ўтиб келаётган чўпон таёғини қўлга олган Дилрабо Жузбаева “Ҳақиқий бахтни ана шу макондан топганман” дейди.

Албатта, кўнгил қай манзилдан ҳаловат топса, шу макон унинг севимли гўшаси бўлиб қолади. Қаҳрамонимиз ҳам қалб ҳаловатини кенг дала, бепоён кенгликлардан топди.
Турмуш ўртоғи Илёс ака Жузбаев билан уч нафар – икки ўғил, бир қизни вояга етказмоқда.
– Бахтлиман, – дейди Д.Жузбаева. – Турмуш ўртоғим – суянган тоғим. Уч фарзандим қанотларим. Ўғлим олий ўқув юртини тугатиб, спорт мураббийи сифатида фаолият олиб бормоқда. Қизим Бухоро давлат университетида таҳсил олмоқда. Кичик ўғлим эса мактаб ўқувчиси. Фарзандларимиз келажакда юртига, халқига фойдаси тегадиган инсонлар бўлиб вояга етиши учун меҳнат қиляпмиз.
Дарҳақиқат, Дилрабо опа сингари аксарият қишлоқ аёллари ҳаёт ташвишларига ўралашиб қолмасдан, юрт ривожи ва халқ фаровонлиги йўлида меҳнат қилмоқда. Уларнинг кўнгли қишлоқнинг кенгликлари каби кенг. Борига қаноат қилиб, йўғини яшириб, борини ошириб яшаётган аёллар эртанги кун давомчиларини тарбияламоқда.
Абдували Бўриев, ЎзА мухбири