Қуёшлиқ истасанг, касби камол эт
Наманган муҳандислик-технология институтида ўзбек мумтоз адабиётининг йирик намояндаси, улуғ мутафаккир аллома, шеърият мулкининг султони Мир Алишер Навоий таваллидига 581 йил тўлиши муносабати билан вилоят намунали “Мақом” ансанбли, вилоят мусиқали драмма ва комедиа театри, Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими, Усмон Носир номидаги нашриёт ҳамда Давлатобот тумани маданият бўлими ҳамкорлигида “Ҳазрат Навоийни ёд айлаб...” мавзуида назм ва наво кечаси ташкил этилди.
Тадбирда Навоий ҳазратларининг бой ижодий меросини чуқур ўрганиш ва тарғиб қилиш ҳар биримизнинг муҳим вазифамиз эканлиги таъкидланди.
Буюк мутафаккир Алишер Навоий ўз даврида ёшларга мурожаат қилиб, “Қуёшлиқ истасанг, касби камол эт”, деб ёзганлар. Чиндан ҳам, одамларга қуёшдек беминнат нур таратишни, яхшилик қилишни истайдиган инсон, камолотга интилиб, турли илм ва касб-ҳунарларни ўзлаштириши лозим.

Ўсиб келаётган ёшлар Имом Бухорий, Муҳаммад Мусо Хоразмий, Абу Али ибн Сино, Абу наср Форобий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби буюк алломаларга муносиб ворислар сифатида ўзликни англаши лозим. Бинобарин, катта ҳаётга қадам қўйиш арафасидаги ёшлар ўз олдига аниқ мақсад қўйиб, бунга етишиш учун “олтин”га тенг вақтларини телефон ё интернетга эмас, илму маърифатга, китоб ўқишга сарфлаши зарур.
Аетёрлар томонидан Навоий сиймоси гавдалантирилиб, ғазаллардан парчалар ўқилди. “Мақом” ансанбли хонандалари ва созандаларидан иборат ижодий гуруҳ Навоий ғазалларига басталанган мумтоз қўшиқларни ижро этди.
Иқтидорли талаба-ёшлар ўз саҳна кўринишлари орқали мазкур кечага янада файз киритди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари ва Усмон Носир нашриёти вакиллари олий таълим муассасаси билан бу борадаги маънавий-маърифий тадбирлар кўлами кенгайтирилаётгани туфайли самарали натижалар кўринаётгани, ёшларни бадиий адабиётга қизиқиши ортиб бораётганини эътироф этди.

Улуғ аллома таваллудига бағишланган бундай тадбир ва учрашувлар, назм-наво кечалари Наманган вилоятининг бошқа таълим муассасалари, меҳнат жамоалари, маҳаллаларда ҳам давом этмоқда.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА