“Қуёш”да ишсизлар, камбағаллар бўлмайди
Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 23 сентябрдаги “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан аҳолининг бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш борасида Сирдарё вилоятида ҳам муҳим қадамлар ташланди.
Бу борадаги ишни ташкил этишда томорқачиликнинг ўрни ниҳоятда катта. Буни нафақат сайхунободликлар, Сирдарё туманидаги Қуёш маҳалласи аҳолиси ҳам ўз ҳаётий тажрибасида исботлашган.
Қарийб 6,5 мингга яқин аҳоли истиқомат қилаётган Қуёш маҳалласи аҳолисининг камбағалликдан чиқиши, фаровонлик сари қадам ташлашида томорқа хўжалигининг роли катта бўлмоқда. Улар кичик ер майдонларидан самарали фойдаланиб, унга ички ва ташқи бозорда харидоргир бўлган помидор, болгар қалампири, бодринг, саримсоқпиёз, шивит ва кашнич каби резавор экин турларини экиб, юқори ҳосил олиш ҳадисини олишган.

Маҳалладан хорижий давлатларга қатнайдиган юк машиналари, етиштирилган маҳсулотларни сотиб олмоқчи, уни хорижга экспорт қилмоқчи бўлган харидорларнинг кети узилмайди.
–Боболаримиз "Ерни боқсанг, ер сени боқади" деб бежизга айтишмаган,–дейди маҳалла раиси Бобур Жабборов.– "Қуёш"лиликларнинг 70-80 фоизи иссиқхона фаолияти билан шуғулланса, қолган қисми очиқ майдонга– ўз томорқасига фойдали ва харидоргир маҳсулотлар экиб етиштиради. Бу ишлари ортидан уй қуриб, тўй қилиб, фарзандларини ўқитяпти. Қолаверса, дастурхонларининг тўкинлиги, рўзғорининг бутлиги ҳам аслида шундан.
Шу маҳаллалик Бакрадзе Бинали ўз хонадонидаги 4 сотих ерда иссиқхона хўжалигини ташкил этиб, лимон ўсимлигидан ташқари помидор, кўкат етиштираётган бўлса, Исроил Чакалов эса 8 сотихли томорқасининг 6 сотихида иссиқхона хўжалигини ташкил этиб, унга помидор экиб, нафақат ички бозорга, Россия ва Қозоғистон каби давлатларга ўз маҳсулотларини экспорт қилиб, туман экспорт салоҳиятини оширишга ҳисса қўшмоқда.

– Омилкорлик билан иш юритиб, тиним билмасдан ҳаракат қилган инсон яхши даромад топади. Бунинг ортидан дастурхони тўкин бўлади,–дейди Исроил Чакалов.–Бу борада маҳалламиз аҳолисини ибрат қилиб кўрсатса арзийди. Маҳаллани айланинг, қай бир хонадон бўлсада, бир киринг, кўрасиз. Ҳамма бирон бир фойдали меҳнат билан банд. Кимдир иссиқхоначилик, кимдир чорвачилик, яна кимдир парранда ва асаларичилик билан шуғулланяпти. Хуллас, даромадсизман ва ишсизман, дея қоғоз кўтариб, идорама-идора югуриб юрган киши деярли йўқ.
Ушбу маҳалланинг яна бир эътиборли томони, Қозоғистон Республикаси билан чегара ҳудудда жойлашган. Бу эса томорқада етиштирилаётган маҳсулотни ҳеч қийинчиликсиз Қозоғистон, Россия давлатларига экспорт қилиш имконини беради. Шу боисдан бўлса керак, маҳаллада ишсиз, даромадсиз оилалар деярли топилмайди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири