Жамоат хавфсизлигини таъминлашда сунъий интеллект ва робототехника имкониятларидан фойдаланилади
Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш марказида Миллий гвардия масъул раҳбарлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида профессионал кадрлар тайёрлаш, тизимга ишга қабул қилиш тартиби ва қонунчиликдаги янгиликлар юзасидан маълумот берилди.
Шунингдек, Миллий гвардия тизимида замонавий технологиялардан фойдаланиш, хусусан, дронлар, робототехника воситалари ва сунъий интеллект имкониятларини хизмат фаолиятига татбиқ этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Жумладан, дронлар орқали ҳудудларни кузатиш ва вазиятни тезкор баҳолаш, робототехника воситаларидан мураккаб ёки хавфли вазиятларда фойдаланиш, сунъий интеллект ёрдамида эса маълумотларни таҳлил қилиш ва эҳтимолий хавф-хатарларни аниқлаш имкониятлари тушунтирилди.
Янги технологияларни самарали қўллаш учун ҳарбий хизматчиларнинг техник билим ва амалий кўникмаларини ошириш муҳимлиги таъкидланди.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА