Қуёш билан иситиладиган хонадонлар кўпаймоқда
Сирдарёда аҳоли хонадонлари, ижтимоий соҳа объектларига қуёш батареялари ўрнатиш бўйича муҳим ташаббуслар амалга оширилмоқда. Бу инновацион лойиҳа электр таъминотида барқарорликни таъминлашга, экологик тоза энергия қувватлари ишлаб чиқаришга ёрдам бермоқда.
Бундан икки-уч йил муқаддам Сирдарёда қуёш батареялари билан ёритиладиган хонадонлар сони бармоқ билан санарли бўлган бўлса, бугунги кунда улар 700 тага, қуёш билан иситиладиган ташкилотлар эса 500 тага яқинлашиб қолди.

–Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 16 февралдаги "2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ҳамда 2024 йил 14 июндаги “Энергия ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари ижроси доирасида юридик ташкилотлар, аҳоли хонадонларига қайта тикланувчи энергия манбаи бўлган қуёш батареяларини ўрнатиш, истеъмолчиларни муқобил энергияга ўтказиш ва энергия тежамкор технологияларни жорий қилиш борасида кенг кўламли ишлар бошлаб юборилди,– дейди "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ Сирдарё ҳудудий филиали қайта тикланувчи энергия манбаларини ҳисобини юритиш бўлими бошлиғи Рустам Анорқулов. –Бунинг натижасида юридик истеъмолчилар электр тармоқлари корхоналари томонидан етказиб берилаётган электр энергияни иқтисод қилиш, унинг муқобилидан фойдаланиш мақсадида 8326,0 кВт, аҳоли вакиллари эса ўз хонадонларига 2804,2 кВт қуёш батареяларини ўрнатиб, қуёш энергиясидан фойдаланиш имкониятига эга бўлишди.
Қуёш батареялари орқали ишлаб чиқариладиган электр энергия, аҳолига аниқ ва барқарор таъминотни тақдим этибгина қолмай, экологик йўналишдаги муаммоларнинг ечим топишига, аҳолининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қондиришга қаратилган муҳим қадам бўлди.

– Хонадонларга қуёш батареялари ўрнатилиши нафақат электр таъминотидаги узилишларнинг олдини олишга, табиий ресурсларни тежаш орқали экологик таъсирни камайтиришга, пировардида электр энергия учун сарфланадиган пул маблағларини тежаш, қўшимча даромад топиш имконини берди,–дейди Рустам Анорқулов. – Мисол учун айтганда, ўз хонадонларига қуёш батареялари ўрнатган аҳоли вакиллари электр энергияни тежабгина қолмай, қуёш батареялари орқали олган электр энергияни давлатга сотиш ортидан ўтган 2024 йил давомида 316 миллион сўм, юридик ташкилотлар эса 624 миллион сўм миқдорида иқтисодий фойда олишди.
Бунда аҳоли томонидан электр корхоналарига сотилган 1 кВт электр энергия учун 1000 сўмдан, юридик ташкилотлар томонидан сотилган 1 кВт электр энергия учун 720 сўмдан ҳисоб-китоб қилинди.
– Қуёш батареялари қуёш нуридан қувват олади ва электр энергия ишлаб чиқаради. Унинг афзаллик жиҳати шундаки, улар табиий ресурс – қуёш нуридан фойдаланади, бу эса энергия ишлаб чиқариш жараёнида углерод газлари (CO2)ни ишлаб чиқармайди ва атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатмайди,–дейди Янгиер шаҳрида шаҳар прокуратураси ташаббуси билан электр энергиясини иқтисод қилиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш юзасидан ўтказилган семинарда иштирок этган Янгиер шаҳар прокурори масъуллигидаги 2-сектор штаби котиби, 1-даражали юрист Иброҳим Рустамов.–Бундан ташқари, қуёш батареялари экологик тоза энергия ишлаб чиқаришга, энергия мустақиллигини таъминлашга ёрдам беради.

Янгиер шаҳрида 2-сектор ташаббуси билан жорий йилнинг шу даврига қадар жами 1 967 кВт, шундан, 56 та аҳоли хонадонига 230 кВт, 23 та кўп қаватли уйга 190 кВт, 12 та ижтимоий соҳа объектига 560 кВт, 78 та тадбиркорлик субъектига эса 987 кВт қуёш панеллари ўрнатилди.
– Мисол учун айтганда, Янгиер шаҳридаги "Кармента Ян Текст" корхонасига 260 кВт, "Sulpak Компьютерс" корхонасига 70 кВт, "ИНТЕР ГРАИН" корхонасига 50 кВт.ли йирик қуёш панеллари ўрнатилди. Бунинг натижасида электр энергия истеъмолининг 40 фоизи яшил энергия ҳисобидан қопланишига эришилди,–дейди Иброҳим Рустамов.

–Электр энергиясига пул тўламасдан ойига 1,5 млн сўм, 13-уйда истиқомат қилаётган қўшним эса ўз хонадонига 20 кВт. ли қуёш панели ўрнатиб, ойига 2 млн сўмгача қўшимча даромад топяпти,–дейди Янгиер шаҳрининг “Фазилат” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилаётган Ни Виктор.–Энг асосийси, қуёш панелларининг турган-битгани фойда.
Бу борада вилоятнинг Боёвут туманида ҳам муҳим қадамлар ташланган. Ўтган 2024 йилда 134 та хонадонга қуввати 397 кВт, 71 та тадбиркорлик субъектига қуввати 760 кВт, 4 та кўп қаватли турар жойга қуввати 80 кВт, 64 та ижтимоий соҳа объектига қуввати 600 кВт бўлган қуёш панеллари ўрнатилди.

–Қуёш батареясини ўз хонадонига ўрнатган кишигина унинг иқтисодий самарадор технология эканлигини билади,–дейди "Янги авлод"лик Тоҳир Жўраев.–Бундан тўққиз ой муқаддам хонадонимга 10 кВт.ли қуёш батареяси ўрнатганман. Бунинг натижасида хонадоним доимо чароғон. Иқтисод қилган, давлатга сотган электр энергия ҳисобидан кўп бўлмаса-да, ойига бир- бир ярим миллион сўм миқдорида қўшимча даромад қиламан.
Қуёш батареяларининг яна бир афзал жиҳати, жойлаштиришнинг қулайлиги ва иқтисодий самарадорлиги туфайли улар шаҳарлар ва қишлоқлар орасидаги энергия боғлиқлигини камайтиради. Қишлоқ хўжалиги ва ишлаб чиқариш соҳасида иш суъатини оширишга, электр энергия линиялари етиб бормаган, аммо сув чиқиши қийин бўлган ерларга сув насослари орқали сув чиқариш, қўшимча иш ўринлари яратиш имконини беради. Шу боисдан Сирдарёда аҳоли хонадонларига, ижтимоий соҳа объектлари, қишлоқ хўжалик соҳасига қуёш батареясини ўрнатиш, ишга тушириш ишлари жадал суратларда олиб бориляпти.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири