Қуйи ғирвонликларнинг 30 йиллик орзуси ушалди
Наманган шаҳрининг Давлатобод туманидаги Қуйи Ғирвон маҳалласида барпо этилган 18-сонли оилавий поликлиниканинг ишга туширилиши нафақат шу ҳудуд, балки қўшни маҳаллаларда истиқомат қилаётган қарийб 38 минг аҳоли учун мустақиллигимизнинг ўттиз бир йиллигига чинакам байрам туҳфаси бўлди.
– Халқимиз саломатлигини муҳофаза қилиш муҳим вазифамиздир, – деди тантанали очилиш маросимида сўзга чиққан Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов. – Очиғи, бундан олти йилча аввал мана шундай тиббиёт муассасаларини барпо этиш учун маҳаллий бюджетда маблағ тополмаганмиз. Илгари бу ҳудудда қишлоқ врачлик пункти маълум муддат ишлаган, етарли шароитлар бўлмаган эди. Президентимизни тиббиётга, айниқса, унинг бирламчи тизимига бераётган эътибори натижасида бугунги кунга келиб бир-биридан кўркам оилавий поликлиникалар барпо этиляпти.
250 қатновга мўлжалланган мазкур шифо масканини барпо этиш учун давлат бюджетидан 10 миллиард 200 миллион сўм маблағ сарфланиб, 85 нафар малакали тиббиёт ходимини фуқароларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиши учун зарур шарт-шароитлар яратилди.
[gallery-8579]
Ушбу поликлиника сўнгги русумдаги рентген, УЗИ, ЭКГ, физиотерапевтик ва лаборатория каби замонавий жиҳозлар билан таъминланди. Шунингдек, стоматолог, жарроҳ, невропатолог, акушер-гинеколог, педиатр, терапевт, окулист, оила шифокори сингари мутахассислар эл хизматида.
Оилавий поликлиникада тез тиббий ёрдам бригадаси кечаю-кундуз ишлайди. Бундан ташқари, кундузги шифохона фаолияти ҳам йўлга қўйилиб, беморларга шифохоналарда узоқ муддат ётиб даволанмасдан бемалол амбулатор даво муолажаларини олиш имконияти яратилди.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА