“Қувноқ юлдузчалар”нинг қувноқ болажонлари
Халқимизнинг бола асосий билимни 7 ёшгача олади, деган нақлидан келиб чиқсак мактабгача таълимнинг бола тарбиясидаги ўрни нечоғлик аҳамиятли эканлиги кўринади.
Бугун ҳукуматимиз томонидан соҳага қаратилаётган алоҳида эътибор натижасида чекка-чекка ҳудудларда ҳам замонавий мактабгача таълим ташкилотлари қад ростламоқда. Айниқса, бу йўналишда хусусий секторнинг улуши ортаётгани ўша ҳудуддаги болажонларнинг ҳам сифатли таълим-тарбия олишига имкон яратмоқда.
Масалан, Қашқадарё вилояти Чироқчи туманидаги Қизилчорва маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи аҳолининг фарзандлари шу кунга қадар боғча тарбиясини олиш имконига эга эмасди. Боиси яқин ҳудудда бирорта ҳам боғча йўқ эди. Қишлоқда собиқ иттифоқ даврида қурилган боғча эса, жуда таъмирталаб аҳволга келиб қолгани учун аллақачон фаолиятини тўхтатган.
Тадбиркор Боймамат Раҳматов эски боғча биноси сотиб олди. Абгор аҳволдаги эски боғча биноси ўрнида замонавий “Қувноқ юлдузчалар” номли 150 ўринли нодавлат мактабгача таълим ташкилотини барпо этди. Бунинг учун қарийб 1,5 миллиард маблағ сарфланди. Лойиҳанинг ишга тушиши натижасида 12 та янги иш ўрни яратилди.
– Боғчамизга нафақат ўзимизнинг маҳалламиздан, балки атрофдаги Қоракамар, Дўстлик, Дона қишлоқларидан ҳам болалар келади, – дейди боғча мудираси Сожида Қўлдошева. – Асосий эътиборни бола тарбиясига қаратганмиз.
Айниқса, чет тилларини чуқур ўргатиш мақсадида тажрибали педагогларни жалб қилганмиз. Бундан ташқари, тасвирий санъат, мусиқа, спорт тўгараклари ҳам фаол ўтилади. Хуллас бола бир кунлик вақтини мазмунли ўтказади, ҳам илм олади.
[gallery-3795]
Маълумот ўрнида 2021 йилнинг 8 ойида туманда 2 та давлат (фаолият кўрсатмаган ва реконструкция қилингандан сўнг фаолиятини бошлаган), 1 та давлат-хусусий шерикчилик, 64 та оилавий нодавлат жами 66 та мактабгача таълим ташкилоти ташкил этилиб, уларга 1 минг 880 нафар мактабгача таълим ёшидаги болалар қамраб олинган.
Таҳлилларга кўра, 2017 йилда туманда 3-7 ёшли болалар сони 38 минг 145 нафарни ташкил қилган бўлса, бугунги кунга келиб расмий статистика бўйича 45 минг 158 нафарни ташкил этмоқда. Жорий даврда болалар сони 7013 нафарга ошган.
Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги муносабати билан туманда 30 та мактабгача таълим ташкилоти, шундан Чилживут МФЙда 20-сонли 90 ўринли, Додиқ маҳалла фуқаролар йиғинида 21-сонли 120 ўринли ҳамда 28 та 700 ўринли оилавий мактабгача таълим ташкилотлари фаолият бошлади. Натижада 910 нафар бола боғча таълимига жалб қилиниб, қамров кўрсаткичи 2 фоизга оширилди. 108 та янги иш ўрни яратилди.
Туманда мактабгача таълимга болалар қамровини жорий йил якунига қадар 38,9 фоизга етказиш мўлжалланмоқда.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА