Қувайт ОҲИЧКга аъзо давлатларнинг 28 чиси бўлди
Остонада Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев раислигида Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари кенгашининг (ОҲИЧК) VI саммити бўлиб ўтмоқда. Саммит кун тартибида кўриладиган масалалардан бирида Қувайтга ОҲИЧКга аъзо давлат мақомини бериш кўзда тутилган, деб ёзмоқда “Казинформ”.
«Қувайт ОҲИЧКга аъзо бўлиш истагини билдириб, ташкилотнинг тамойиллари ва унинг доирасида қабул қилинадиган ёки имзоланадиган қарорларига амал қилишга тайёрлигини маълум қилди. Қувайтнинг таъкидлашича, ОҲИЧК Осиёда тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга муҳим ҳисса қўшмоқда. Қувайт шунингдек, Кенгаш фаолиятини қўллаб-қувватлаш истаги борлигини ҳам таъкидлади. Раислик Қувайтнинг ОҲИЧКга аъзо бўлиш бўйича сўровини тўлиқ қўллаб-қувватлайди», – деди Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев саммитда чиқиш қилганида.