Хоразмдаги корхонада стартаплар саноат билан боғланмоқда
Ўзбекистонда илк бор саноатнинг реал эҳтиёжларига маҳаллий стартаплар орқали ечим топиладиган янги босқич Хоразмда бошланди.
Мамлакатимиздаги саноат корхоналари ва ёш стартап жамоалари ўртасида кўприк вазифасини бажариб келаётган «StartupFest» лойиҳасининг Catalyst дастури Урганч шаҳридаги Thermo Plus корхонаси билан ҳамкорликда амалиётни йўлга қўйди.
"Khorezm Insulation Group" қўшма корхонаси томонидан «Thermo Plus» савдо белгиси остида йилига 30 минг тонна базальт (тош) пахтадан иссиқлик изоляцияси плиталари ишлаб чиқарилади. Ишлаб чиқариш жараёни маҳаллий хомашёга асосланган.
Бугунги кунда корхонада пол, ички ва ташқи девор, чордоқлар учун 20 хил турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.
– Бизнинг мақсадимиз ёш стартап эгаларни йирик ишлаб чиқариш корхоналари раҳбарлари билан юзма-юз учраштириш, корхонанинг ҳақиқий муаммоларига ечим топиш ва яхши чиққан ғояларни амалиётга жорий этишдир, – дейди лойиҳа раҳбари Муниса Муродова. – Лойиҳамиз мисоли стартаплар ва йирик корхоналар ўртасидаги кўприкдир. Дастур тайёр маҳсулотга эга стартапларни корпоратив мижозлар билан боғлайди ва корхоналар дуч келаётган муаммоларни аниқлайди. Уларга мос ечимларни таклиф этади ҳамда пилот лойиҳалар ўтказади. Истиқболли лойиҳаларни тижорий ҳамкорлик даражасига олиб чиқади.
[gallery-32477]
Тадбир давомида ёшлар корхонадаги ишлаб чиқариш билан танишадилар. Корхона мутахассислари билан мулоқот қилишди. Корхонадаги муаммоларга лойиҳалари орқали топилган ечимларини синаб кўрдилар. Энг яхши деб топилган ечимлар корхонада пилот синовдан ўтказилади.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (сурат),
ЎзА мухбирлари