Қурилиш соҳасида янги босқич
Кейинги йилларда мамлакатимизда қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар инсон қадрини улуғлаш, аҳолининг муносиб турмуш шароитини таъминлаш ва замонавий шаҳарсозлик муҳитини шакллантиришга хизмат қилмоқда. Жумладан, Навоий вилоятида қурилиш соҳасини модернизация қилиш, рақамлаштириш, уй-жой қурилиши кўламини кенгайтириш ҳамда коммунал хизматлар сифатини ошириш бўйича амалий ишлар давом этмоқда. Бу ҳақда вилоят Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси бошлиғи Азизбек Отақулов қуйидагиларни гапириб берди.
– Сўнгги йилларда қурилиш соҳасида рақамли бошқарув тизимлари жорий қилиниши натижасида пудрат ташкилотлари фаолиятининг шаффофлиги ва самарадорлиги ортди. Бугунги кунда вилоятдаги 1390 та пудрат ташкилотининг 830 таси молиявий барқарорлик рейтингига киритилгани соҳада рақобат муҳити кучайганидан далолат беради. Энг муҳими, 2024-2026 йиллар давомида 6 мингга яқин янги иш ўринлари яратилди.
Жорий йилда марказлаштирилган дастурлар доирасида 548 та объектда 2 триллион 464 миллиард сўмлик қурилиш ишларини амалга ошириш белгиланган бўлиб, бугунги кунга қадар 1 триллион 508 миллиард сўмлик ишлар бажарилди ва 185 та объект фойдаланишга топширилди.
Вилоят тараққиётининг энг йирик лойиҳаларидан бири – “Янги Навоий” шаҳарчасидир. Ушбу шаҳарча 1098 гектар майдонда барпо этилади. Биринчи босқичда 450 гектар ҳудуд ўзлаштирилиб, замонавий турар жойлар, мактаб ва боғчалар, тиббиёт, савдо ҳамда хизмат кўрсатиш объектлари, муҳандислик тармоқлари ва дам олиш масканлари қурилмоқда. Айни пайтда 39 та лот бўйича қурилиш ишлари амалга оширилмоқда.
Шаҳарсозлик соҳасида ҳам вилоятда тизимли ишлар йўлга қўйилган. Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 11-сентябрдаги “Шаҳарсозлик фаолияти соҳасида давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш ҳамда 2023 – 2027 йилларда аҳоли пунктларининг шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш дастурларини тасдиқлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктларининг бош режалари ҳамда ривожлантириш схемалари ишлаб чиқилмоқда.
Коммунал соҳадаги ислоҳотлар ҳам аҳоли турмуш сифатини яхшилашга қаратилган. Бугунги кунда Навоий вилоятидаги 2127 та кўп қаватли уйга 77 та бошқарув сервис компанияси хизмат кўрсатмоқда. Президентнинг 2026 йил 5-февраль куни қабул қилинган “Кўп квартирали уйларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ 348 та уйни таъмирлаш режалаштирилган бўлиб, бугунга қадар 209 тасида ишлар якунланди. Том қисмлари, фасадлар, муҳандислик тармоқлари, кириш йўлаклари таъмирланиб, энергия тежамкор ёритиш тизимлари ва кодли эшиклар ўрнатилди.
Кўп хонадонли уйлар атрофидаги инфратузилмани яхшилаш мақсадида республика бюджетидан 39,2 миллиард сўм маблағ ажратилди. Бу маблағлар ҳисобига болалар майдончалари, йўлаклар, ирригация тармоқлари ва бошқа ижтимоий объектлар барпо этилмоқда. Шу билан бирга, кўп қаватли уйлардаги лифтларни янгилаш ва таъмирлаш ишлари ҳам босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
[gallery-30775]
Айни пайтда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳам устувор вазифалардан ҳисобланади. Иссиқлик тармоқларини таъмирлаш, қозонхоналарни модернизация қилиш, янги иссиқлик қувурларини қуриш ва индивидуал иссиқлик пунктларини ўрнатиш бўйича қатор инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Учқудуқ шаҳрида иссиқлик тармоқларини модернизация қилиш, “Янги Навоий” шаҳарчасида янги иссиқлик тармоқларини қуриш ва юзлаб хонадонларга индивидуал иссиқлик пунктларини ўрнатиш бўйича ишлар бошланган.
Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган бунёдкорлик сиёсати Навоий вилоятида ҳам янги тараққиёт босқичини бошлаб берди. Бугун қурилаётган ҳар бир уй, барпо этилаётган ҳар бир мактаб ёки муҳандислик тармоғи келажак авлодлар учун муносиб ҳаёт муҳитини яратишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари