Энергия билан таъминлаш ишлари атрофлича ўрганилди
Қишнинг совуқ кунларида хонадондаги биргина чироқнинг ёниши, хонадонларнинг илиқлиги, мактаб ва боғчалар, шифохона ва бошқа ижтимоий объектларнинг узлуксиз фаолияти ортида катта меҳнат, пухта ҳисоб-китоб ва масъулият туради. Зеро, энергия таъминоти — бу шунчаки коммунал хизмат эмас, балки аҳоли турмуш фаровонлиги, ҳудудлар иқтисодий барқарорлиги ва ижтимоий ҳаётнинг бир маромда давом этишини таъминловчи муҳим омилдир.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан аҳолига қулай ва муносиб турмуш шароитларини яратиш, коммунал хизматлар сифатини ошириш, энергетика инфратузилмасини модернизация қилиш ва мавсумий эҳтиёжларни олдиндан ҳисобга олиб, зарур захираларни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу борада Бухоро вилояти Олот туманида ҳам тизимли ва манзилли ишлар олиб борилмоқда.
Айни кунларда Республика ишчи гуруҳи томонидан туманда электр энергияси ва табиий газ таъминоти тизимининг мавжуд ҳолати, тармоқларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш жараёнлари, мавжуд муаммоларни бартараф этиш ҳамда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини узлуксиз энергия билан таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар атрофлича ўрганилди.
Ўрганишлар аввало туман электр тармоқлари корхонасидан бошланди. Бу ерда электр таъминоти тизимининг техник ҳолати, мавжуд қувватлар ва захира имкониятлари, трансформатор пунктлари ҳамда тармоқларнинг мавсумий юкламаларга тайёрлиги кўздан кечирилди.
Масъуллар билан мулоқотда электр таъминотида узилишларнинг олдини олиш, авариявий ҳолатларга тезкор муносабат билдириш, эскирган тармоқ ва жиҳозларни босқичма-босқич янгилаш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.
Зеро, куз-қиш мавсумида энергия истеъмоли кескин ортиши мумкин. Шу боис бугундан кўрилаётган ҳар бир чора эртанги барқарорликка хизмат қилади.
Ишчи гуруҳ томонидан “Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти Олoт тумани филиалининг диспетчерлик хизмати фаолияти ҳам ўрганилди.
Мутахассислар билан суҳбат давомида табиий газ тармоқларининг техник ҳолати, мавжуд захиралар, авариявий ҳолатларни бартараф этиш имкониятлари ҳамда куз-қиш мавсумида истеъмолчиларни барқарор газ билан таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Айниқса, аҳолига газ етказиб беришда узлуксизликни таъминлаш, тармоқлардаги босим ва техник ҳолатни доимий назорат қилиш, мурожаатларга тезкор муносабат билдириш зарурлигига урғу берилди.
Ўрганишлар давомида Сойинқаравул Хидрейли ҳамда Борибек Чандир маҳаллаларида жойлашган ижтимоий соҳа объектларининг электр таъминоти ҳолати ҳам кўздан кечирилди.
Электр тақсимлаш пунктлари, мавжуд ускуналарнинг ишчанлик ҳолати, тармоқларнинг ишончлилиги ва эҳтимолий носозликларнинг олдини олиш чоралари таҳлил қилинди.
Чунки мактабда таълим жараёни, боғчада болалар тарбияси, тиббиёт муассасасида инсон саломатлиги билан боғлиқ хизматлар бир лаҳза ҳам тўхтаб қолмаслиги керак. Шу нуқтаи назардан, ижтимоий аҳамиятга эга объектларни энергия билан барқарор таъминлаш масаласи доимий назоратда бўлиши табиий.
Бугунги кунда Олот туманида электр энергияси таъминоти бўйича жами 25 минг 103 нафар абонент мавжуд. Уларнинг 23 минг 611 таси аҳоли хонадонлари, 1 минг 492 таси эса улгуржи истеъмолчилар ҳисобланади. Туман бўйича ўртача электр энергияси истеъмоли 2,5 миллион кВт·соатни ташкил этмоқда.

Табиий газ таъминоти тизимида эса 6 минг 525 та аҳоли абоненти ва 136 та улгуржи истеъмолчи мавжуд. Ўртача кунлик табиий газ истеъмоли 30–34 минг куб метрни ташкил этмоқда.
Бу рақамлар ортида минглаб хонадонлар, юзлаб ташкилотлар, таълим ва тиббиёт муассасалари, тадбиркорлик субъектлари ва бутун бир ҳудуднинг ҳаёти мужассам. Шунинг учун энергия таъминотидаги ҳар бир масалага оддий техник вазифа эмас, балки инсонлар ҳаёти ва манфаати билан боғлиқ муҳим вазифа сифатида ёндашилмоқда.
Ўрганишлар жараёнида аҳоли хонадонларидаги электр ва табиий газ таъминоти билан боғлиқ ҳолатлар ҳам ўрганилиб, истеъмолчиларнинг мурожаат ва таклифлари тингланди.
Айниқса, аҳолини қийнаётган масалаларни жойида аниқлаш, уларнинг сабабларини таҳлил қилиш ва ечимини кечиктирмасдан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўрганиш якунида аниқланган камчиликларни бартараф этиш, электр ва газ тармоқларининг техник ҳолатини янада яхшилаш, мавжуд захираларни мустаҳкамлаш, эҳтимолий авариявий ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш юзасидан масъулларга аниқ вазифа ва тавсиялар берилди.
Энг муҳими, бу вазифалар қоғозда қолиб кетмаслиги, ҳар бир топшириқнинг ижроси аниқ натижа билан ўлчаниши зарурлиги қайд этилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири