Қурилиш соҳасида янги босқич
Бухоро вилоятида қурилиш ва инфратузилмани ривожлантириш ишлари янги босқичга кўтарилмоқда. Вилоят ҳокими Ботир Зарипов раҳбарлигида ўтказилган танқидий-таҳлилий йиғилишда соҳадаги муаммо ва камчиликлар атрофлича таҳлил қилиниб, ҳудудларни янада обод қилиш, аҳоли учун қулай яшаш муҳитини яратиш ҳамда янги иқтисодий имкониятларни ишга солиш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилди.
Бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар замирида инсон манфаатлари, аҳоли фаровонлиги ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш ғояси мужассам. Ана шу эзгу мақсадлар асосида Бухоро вилоятида ҳам қурилиш-бунёдкорлик ишлари изчил давом эттирилмоқда.
Йиғилишда қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорлари асосида “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туман” мақоми берилган Шофиркон ва Ғиждувон туманларида аҳоли яшаши ва тадбиркорлик билан шуғулланиши учун замонавий шароитлар яратиш дастури амалга оширилмоқда. Мазкур мақсадлар учун жорий йилда вилоятга 593 миллиард сўм маблағ ажратилган.
Ушбу маблағлар ҳисобидан ҳудудларда кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, 357 километр автомобиль йўллари таъмирланиб ва асфальтлаштирилмоқда, 20,8 километр электр ҳамда газ тармоқлари қурилиб, реконструкция қилинмоқда. Шунингдек, ирригация тизимларини такомиллаштириш, сув таъминотини яхшилаш ва 53 та ижтимоий объектни қуриш ҳамда реконструкция қилиш ишлари жадал суръатларда амалга оширилмоқда.

Бу саъй-ҳаракатлар ўзининг аниқ ижтимоий-иқтисодий самарасини беради. Натижада мазкур ҳудудларда 1161 та янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилиши, 809 та мавжуд тадбиркорлик субъекти фаолияти кенгайтирилиши ҳамда 27 минг нафардан ортиқ аҳолининг бандлиги таъминланиши кутилмоқда. Энг муҳими, минглаб оилаларнинг даромад манбалари кенгайиб, турмуш сифати янада юксалади.
Шу билан бирга, Президентнинг 2025 йил 27 декабрдаги қарори ижроси доирасида вилоятда умумий қиймати 880 миллиард сўм бўлган 85 та ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмаси объектида қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Уларнинг таркибида 23 та мактаб, 5 та мактабгача таълим ташкилоти, 5 та соғлиқни сақлаш муассасаси, ичимлик ва оқова сув таъминоти объектлари, иссиқлик таъминоти тизимлари, автомобиль йўллари, ирригация ва мелиорация иншоотлари, электр таъминоти объектлари ҳамда бошқа муҳим инфратузилма лойиҳалари мавжуд.
Йиғилиш давомида Ботир Зарипов ҳар бир қурилаётган объект бўйича кунлик назорат ўрнатиш, қурилиш ишларининг сифати ва муддатларига қатъий риоя этилишини таъминлаш юзасидан мутасаддиларга аниқ топшириқлар берди.
Бугун Бухорода амалга оширилаётган ҳар бир қурилиш лойиҳаси шунчаки бино ёки иншоот эмас. Улар янги иш ўринлари, янги имкониятлар, қулай турмуш шароитлари ва келажакка бўлган ишонч рамзидир. Бу бунёдкорлик ишлари орқали қадимий ва навқирон Бухоро янада замонавий, обод ва жозибадор ҳудудга айланиб, аҳоли фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири