Қурилиш соҳасида илмий изланаётган Муҳайё
ФОТОРЕПОРТАЖ
Ўзининг иқтидори, ғоя ва ташаббуслари, ибратли амалий ишлари ва эришган ютуқлари билан ёшларга ўрнак бўлиб келаётган, ижтимоий-иқтисодий ҳаётимиздаги ўзгаришлар жараёнида фаол иштирок этиб, Ватанимиз равнақи йўлида бор куч-ғайрати, билими ва салоҳиятини намоён этаётган қизлар қаторида Фарғона политехника институтининг қурилиш факультети 4-босқич талабаси Муҳайё Йўлдошева ҳам бор. У жорий йилда Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланди.
Муҳайё оила аъзолари, яқинлари ҳамда устозларининг қўллаб-қувватлаши туфайли илм-фаннинг муҳим йўналишларидан бири – қурилиш соҳасида кўплаб ютуқларни қўлга киритиб келмоқда. Илмий изланишлари натижасида қурилиш соҳасида вилоят IT грант лойиҳасининг “3Ds max” йўналиши бўйича РТМ марказида таълим олиш имкониятини қўлга киритган. 2021-2023 йил мобайнида халқаро ва республика илмий нашрларида қурилиш материаллари ишлаб чиқариш муаммолари ечимига оид 30 га яқин илмий мақола ва тезислари АҚШ, Россия, Германия ва Ҳиндистон давлатлари нашрларида чоп этилган.
[gallery-20152]
Қаҳрамонимиз Ёшлар ишлари агентлиги, “Westministeracademy” ва “Uzbekistonvolunteerassociation” форумида сертификат билан тақдирланган. “Қурилиш материаллари саноатида иссиқлик техникаси” фанидан маърузалар тўплами ва услубий кўрсатмалар муаллифи ҳамдир. 2023 йил Россияда ўтказилган “Проектно-исследовательская деятельност учащихся студентов 2022-2023 учебного года” танлови ғолиби бўлган. Шунингдек, “Экология планеты-делокаждого человека” номли халқаро танловида ҳам фахрли ўринни қўлга киритган. IQ-Certification.com сайтида бўлиб ўтган IQ тестларида фаол иштирок этган. Ахборот коммуникация технологияларидан унумли фойдаланиб, инглиз ҳамда корейс тилларида китоблар мутолаа қилади. Илм-фан ҳамда қурилиш соҳасига оид янгиликлардан доимий тарзда фойдаланиб келади.
– Мамлакатимизда хотин-қизларнинг илм-фан билан шуғулланишлари учун барча шароит яратиб берилмоқда, - дейди Муҳайё. – Кейинги йилларда юртимизда кўплаб уй-жойлар, таълим муассасалари, шифохоналар, йирик заводлар, йўллар ва кўприклар қурилди. Соҳа учун зарур ашёларни ўзимизда ишлаб чиқариш ўзлаштириляпти. Натижада, қурилиш жараёни маҳаллий маҳсулотлар билан таъминланяпти. Шу боис ҳам мен, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш муаммолари ечимига муносиб ҳисса қўшиш ҳаракатидаман. Олдинда бир-биридан катта ва ҳаётимга мазмун берадиган мақсадлар, орзулар бисёр. Ўқишни давом эттириб, мамлакатимиз илм-фани ҳамда қурилиш соҳасига ўз ҳиссамни қўшмоқчиман. Мен каби қизларнинг ўз келажагини яратиб олиши учун имкон берган, қўллаб-қувватлаган давлатимизга ҳалол меҳнатим орқали муносиб жавоб қайтариш ниятидаман.
Машаққатли илмни маҳкам тутиб, қувонарли ютуқларга эришаётган Муҳайё том маънода Янги Ўзбекистоннинг баркамол авлод вакилларидан бири эканлиги, шубҳасиз.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА