Қурилиш-реконструкция ишларининг 2-босқичи старт олмоқда
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасида “Довуд-ота” чегара божхона постидаги қурилиш реконструкция ишлари бўйича инжиниринг, пудратчи ва лойиҳачи корхоналар масъуллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 27 апрелдаги “Божхона маъмуриятчилигини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”даги фармонида Қорақалпоғистон Республикасининг “Довуд-ота” чегара божхона постида реконструкция ва модернизация ишларини амалга ошириш белгиланган. 1-босқичда терминал қурилиши ишлари ниҳояланиб, бугунги кунда қурилишнинг 2-босқичи бошланмоқда.

Учрашувда Божхона қўмитасининг Капитал қурилиш бошқармаси бошлиғи Ш.Нишанбаев, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари О.Махмадалиев иштирокида чегара-божхона постининг реконструкцияси назарда тутилган қурилишнинг 2-босқичини сифатли ва ўз муддатида амалга ошириш, чегара дарвозалари ва деворлари қурилиши билан бир вақтда пост ҳудуди коммуникация тармоқларини янгилаш ҳамда косметик пардозлаш ишларини жадаллик билан олиб бориш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, мазкур объектда бажарилаётган қурилиш ишлари сифатини назорат қилиб бориш, қурилишда юзага келаётган муаммоларни, шу жумладан, 1-босқич қурилиши бўйича аниқланган камчиликларни зудлик билан бартараф этиш юзасидан ҳам масъулларга топшириқлар берилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири