Волонтёрлик — ташаббускор ёшлар майдони
Ўзбекистон Миллий университетида “Ёшлар куни” муносабати билан “Мустақилликнинг 35 йиллиги — Янги Ўзбекистон ёшлари нигоҳида” шиори остида “Волонтёрлик — ташаббускор ёшлар майдони” мавзусида очиқ мулоқот ўтказилди.
Бугун волонтёрлик нафақат хайрия ёки жамоат ишларида ёрдам бериш, балки ёшлар учун тажриба, янги танишувлар ва ҳатто халқаро дастурларга йўл очувчи муҳим майдонга айланиб бормоқда. Айниқса, охирги йилларда Ўзбекистонда экологик акциялар, ижтимоий лойиҳалар, халқаро форумлар ва йирик тадбирларда минглаб ёшлар волонтёр сифатида иштирок этмоқда.
Тадбирда университет раҳбарияти, мутахассислар ва талаба-ёшлар жам бўлиб, волонтёрликнинг ҳаётдаги аҳамияти, унинг инсонни масъулиятли ва фаол қилиб тарбиялаши ҳақида фикр алмашди.

Учрашувни университетнинг Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Тунис Ҳожиев очиб бериб, бугунги кунда ёшларнинг ташаббускорлиги мамлакат тараққиётининг муҳим кучига айланаётганини таъкидлади.
Ўзбекистон волонтёрлари ассосиацияси директори Ширин Обидова волонтёрлик орқали ёшлар нафақат жамиятга фойда келтираётгани, балки лидерлик, жамоада ишлаш ва муаммоларни ҳал қилиш кўникмаларини ҳам шакллантираётганини айтди.

БМТ Волонтёрлик дастурининг Ўзбекистондаги координатори Мирсаид Узоқов дунё бўйлаб ҳар йили миллионлаб инсонлар волонтёрлик фаолияти орқали жамият ривожига ҳисса қўшаётганини, бу йўналиш ёшлар учун халқаро имкониятлар эшигини очишини қайд этди.
Суҳбат давомида талабалар волонтёрлик орқали қандай қилиб тажриба орттириш, грантлар ва халқаро дастурларда қатнашиш мумкинлиги ҳақида ҳам амалий маълумотларга эга бўлди. Бу каби учрашувлар ёшларга “мен ҳам жамиятга керакман” деган ишончни кучайтириши билан аҳамиятли бўлди.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА