Қурилиш материаллари сифати қандай текширилади?
Қурилаётган бино ва иншоотларнинг мустаҳкамлиги, зилзилабардошлиги, узоқ йиллар халқимизга хизмат қилиши унда ишлатилаётган қурилиш материаллари, металл конструкциялари сифатига ҳар жиҳатдан боғлиқ. Шу маънода қурилишда қўлланилаётган арматура ёки ғиштдан тортиб бетон қоришмасигача намуналарни махсус синовдан ўтказиш, уларнинг давлат стандарти ва лойиҳа талабларига мослигини текшириш муҳим вазифалардан саналади.
Фарғона вилояти Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциясининг қурилиш-синов лабораторияси ва бино-иншоотларнинг техник ҳолатини ўрганиш бўлими ана шу фаолиятни амалга оширади. Фарғона шаҳрининг “Илғор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида қад кўтараётган экошаҳарда жойлашган мазкур бўлим замонавий синов аппаратуралари, техник жиҳозлар билан таъминланган.

– Бўлимимизга қурилиш жараёнларининг бир босқичдан иккинчи босқичга ўтиш пайтида материаллардан намуналар олиб келинади. Уларни махсус техника ва аппаратуралар ёрдамида синовдан ўтказамиз. Тегишли хулосалар олингач, бу материалларни ишлатиш ёки ишлатмаслик ҳақида қарор қабул қилинади, – дейди бўлим бошлиғи Мансуржон Набиев.–Жорий йилнинг 9 ойи мобайнида мавжуд бино-иншоотлар техник ҳолатини ўрганиш бўйича 321 та хулоса тайёрланган бўлса, уларнинг 253 таси яроқли, 31 таси яроқсиз ва 36 таси кучлантириш лозим деб топилди. Қурилиш материаллари бўйича эса 1 минг 603 та синов баённомаси расмийлаштирилиб, уларнинг 1 минг 599 таси учун ижобий, 14 таси учун салбий, яъни қониқарсиз хулоса берилган.

Бундан ташқари, бўлим мутахассислари томонидан темир-бетон конструкциялар, бетонлаштириш ишларининг лойиҳада кўрсатилган кўрсаткичларга мослигини биноларни бузмасдан синаш, сиқилишга бўлган мустаҳкамлигини текшириш амалга оширилади. Бунинг учун алоҳида махсус жиҳозланган автотранспорт ажратилган, тўғридан-тўғри объектга бориб текшириш ишлари олиб борилади.

– Илгари бундай синовларни фақат пойтахтдагина амалга ошириш мумкин эди. Ҳозирда қурилиш ташкилотлари ўзлари ишлатаётган материаллардан намуналар олиб келишиб, шу ернинг ўзида хулоса олишлари мумкин, – дейди лаборатория етакчи мутахассиси Наргиза Қурбонова. – Мисол учун, қурилиш объектига олиб келинган ашёнинг ҳар бир партияси синовдан ўтказиб олинади ва талабга жавоб бермагани қайтарилади. Бетон қоришмаси бўладими, арматура ёки темир конструкциями, ғиштми синов ускунаси ёрдамида чўзилувчанлиги, эгилувчанлиги, мўртлиги текширилиб, хулосалар берилади. Бунинг учун барча керакли жиҳозлар, замонавий техника ва аппаратураларимиз етарли.

Бу амалиёт қурилиш субъектлари учун фойдадан холи эмаслиги равшан. Ахир, ишлатаётган материалинг сифатли ва пишиқ, барча талабларга жавоб берса, кўнглинг ҳам тинч, ишингда ҳам унум бўлади.
М.Сулаймонов, ЎзА мухбири