Қурилиш корхоналарининг солиқ қарзи 2,8 триллион сўмдан ошди
Солиқ қўмитасининг маълум қилишича, 2026 йил 1 июль ҳолатига кўра, мамлакатда солиқ қарзи 100 миллион сўмдан юқори бўлган 1 минг 494 та қурилиш корхонаси мавжуд. Уларнинг давлат бюджети олдидаги жами қарзи 2,8 триллион сўмни ташкил этган.
Таҳлилларга кўра, мазкур қарзнинг 1,1 триллион сўми ёки 38,2 фоизи солиқ қарзи энг юқори бўлган 10 та йирик қурилиш корхонаси ҳиссасига тўғри келади. Бу эса солиқ қарздорлигининг катта қисми оз сонли йирик субъектлар ҳисобига шаклланаётганини кўрсатади.
Солиқ қарздорлиги энг юқори қайд этилган ҳудудлар Тошкент шаҳри — 880,5 миллиард сўм, Тошкент вилояти эса 447,3 миллиард сўм, Андижон вилояти 253,4 миллиард сўмни ташкил этган. Ушбу уч ҳудуд ҳиссасига умумий қарздорликнинг салмоқли қисми тўғри келмоқда. Бу, аввало, мазкур ҳудудларда қурилиш ташкилотлари сони ва йирик инвестиция лойиҳалари кўплиги билан изоҳланади.
Қурилиш соҳаси иқтисодиётнинг драйвер тармоқларидан бири ҳисобланади. Шу билан бирга, мазкур тармоқда солиқ қарздорлигининг юқори даражада сақланиб қолаётгани айрим корхоналарда молиявий интизом ва пул оқимини бошқариш билан боғлиқ муаммолар мавжудлигини англатади.
Солиқ қарздорлигининг ортиши давлат бюджети тушумларига салбий таъсир кўрсатиши, инфратузилма ва ижтимоий дастурларни молиялаштириш имкониятларини чеклаши мумкин. Шу боис, қурилиш соҳасида ҳисоб-китоб интизомини мустаҳкамлаш, рақамли назорат механизмларини кенгайтириш ва солиқ мажбуриятларининг ўз вақтида бажарилишини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади.
Қайд этилишича, қурилиш тармоғида молиявий барқарорликни таъминлаш, солиқ маъмуриятчилигини рақамлаштириш ва қарздорликни қисқартириш соҳанинг барқарор ривожланиши ҳамда давлат бюджети даромадларини оширишга хизмат қилади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА