Жиззахнинг экспортбоп салоҳияти
Жиззах вилоятида озиқ-овқат саноатини изчил ривожлантириш, маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш, қўшимча қиймат занжирини кенгайтириш ҳамда аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан барқарор таъминлашга қаратилган ишлар иқтисодиётнинг ушбу тармоғида юқори суръатларни таъминламоқда. Янги қувватларни ишга тушириш, замонавий технологияларни жорий этиш ва агрологистика инфратузилмасини такомиллаштириш ҳудуднинг саноат салоҳиятини янада мустаҳкамлаётир.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январь–май ойларида мамлакатимизда йирик саноат корхоналари томонидан 57,2 триллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 7,9 фоизга ўсганини англатади. Жиззах вилояти ҳиссасига эса ушбу даврда 1,6 триллион сўмлик маҳсулот тўғри келди. Мазкур кўрсаткичлар ҳудудда озиқ-овқат саноати барқарор ривожланаётгани, қайта ишлаш тармоқларида амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари ва ишлаб чиқариш қувватларининг самарадорлиги тобора ортиб бораётганини тасдиқлайди.
Бугун вилоятда мева-сабзавот, полиз экинлари, дон, гўшт ва сут маҳсулотларини қайта ишлашга ихтисослашган замонавий корхоналар фаолият юритмоқда. Уларда маҳаллий хомашёни юқори қўшимча қийматга эга тайёр маҳсулотга айлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса ички бозорни рақобатбардош ва сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш баробарида экспорт ҳажми ҳамда унинг географиясини кенгайтириш учун мустаҳкам замин яратаётир.

Шароф Рашидов туманида фаолият юритаётган BMB-NRC Agrologistics агрологистика мажмуаси ана шундай инфратузилма объектларидан бири ҳисобланади. Мажмуа деҳқон ва фермерлар етиштирган маҳсулотларни саралаш, сақлаш, қадоқлаш ва ташқи бозорларга етказиб беришнинг замонавий тизимини шакллантириб, маҳсулот йўқотилишини камайтириш, унинг рақобатбардошлигини ошириш ҳамда экспортбоп маҳсулотлар улушини кўпайтиришга хизмат қилмоқда. Бу эса қўшимча қиймат яратиш, янги иш ўринлари ташкил этиш ва ҳудуд иқтисодиётининг экспорт салоҳиятини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлмоқда.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, маҳсулот сифати ва хавфсизлиги устидан назоратни халқаро талаблар асосида ташкил этиш, қайта ишлаш занжирини такомиллаштиришга қаратилган ислоҳотлар янада янги босқичга кўтарилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 12-майда қабул қилинган “Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги, фитосанитария ва ветеринария соҳаларида ягона давлат бошқаруви ва назорат тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони асосида мазкур соҳаларда ягона бошқарув тизими шакллантирилиб, “даладан дастурхонгача” тамойили бўйича маҳсулот хавфсизлигини таъминлаш, назоратнинг хавф-хатар таҳлилига асосланган замонавий механизмларини жорий этиш, экспортбоп маҳсулотларнинг халқаро стандартларга мувофиқлигини таъминлаш бўйича янги вазифалар белгиланди. Мазкур ислоҳотлар ҳудудларда қайта ишлаш корхоналари фаолияти самарадорлигини ошириш, экспорт жараёнларини соддалаштириш ҳамда маҳсулот сифатига бўлган ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Жиззах вилоятида сармояларни кенг жалб қилиш, қайта ишлаш саноати қувватларини ошириш, экспортбоп маҳсулотлар турини кўпайтириш ва замонавий агрологистика тизимини ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар изчил давом эттирилмоқда. Бу жараёнлар ҳудуднинг мамлакат озиқ-овқат саноатидаги ўрнини мустаҳкамлаш, қишлоқ хўжалиги билан саноат ўртасидаги интеграцияни кучайтириш ва юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини изчил оширишга хизмат қилмоқда.
Мутахассислар таъкидлашича, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш ва экспорт қилишнинг ягона занжирини шакллантириш, замонавий агрологистика инфратузилмасини кенгайтириш ҳамда илғор технологияларни жорий этиш яқин йилларда Жиззах вилоятида ишлаб чиқариш ҳажмини янада кўпайтириш, экспорт салоҳиятини юксалтириш ва аҳоли бандлигини таъминлашнинг муҳим драйверларидан бири бўлиб қолади.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири