Қурилаётган бинолар талабга жавоб берадими?
Жамоатчилик назорати
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ташаббуси билан Қурилиш вазирлиги ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ўртасида имзоланган меморандумга асосан, федерациянинг Навоий вилоят ҳудудий бирлашмаси раҳбарлигидаги Ишчи гуруҳ томонидан жойларда жамоатчилик назорати тартибида ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
Бунда аҳолининг мурожаатларини эътиборга олган ҳолда ҳудудларда қурилаётган қурилиш объектларидаги муаммоларнинг бартараф этилишига, қурилишлар сифатининг янада яхшиланишига кўмаклашиш, қолаверса, аҳолининг истеъмолчи сифатида ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш мақсад қилинган.
Ишчи гуруҳ фаолияти давомида мавжуд қурилиш объектларининг қурилишига оид тегишли меъёрий ҳужжатларининг мавжудлиги, қурилиш объектларининг сифати ва техник регламентларга мослиги, бинокорлик материаллари ва қурилиш соҳасидаги буюмларнинг сертификатланганлик ҳолати, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни сақлаш талабларига риоя этилганлиги, ногиронларнинг объектлардан монеликсиз фойдаланишлари учун шароитлар яратилганлиги каби жиҳатларга эътибор қаратилмоқда.

Атроф- муҳит ва экологик хавфсизлик талаблари, шунингдек, санитария нормаларига ҳамда қоидаларига риоя этилганлигининг мослиги каби жиҳатлар ҳам мутахассислар – Ишчи гуруҳ аъзоларининг эътиборидан четда қолмаяпти.
Кармана туман Алишер Навоий номидаги маҳалла ҳудудида “Осиё югра” хусусий корхонаси томонидан 5 қаватли 66 хонадонга мўлжалланган турар жой биноси қурилиши олиб борилмоқда.

Ўрганишлар жараёнида қурилишда ишлатиладиган цемент, ғишт ва бошқа қурилиш маҳсулотларининг аксарияти учун махсус сертификат қоғозлари мавжуд эмаслиги кузатилди. Лойиҳада бинонинг биринчи қаватида ҳаво тортгич шахталари кўрсатилган бўлишига қарамасдан бинода мавжуд эмас. Қолаверса, хавфсизлик талабларидан келиб чиққан ҳолда қурилиш атрофи тўлиқ ўралмаганлиги, ишчиларнинг бирортаси ҳам махсус ва бош кийим (каска)да эмаслиги кузатилди.
Қурилишда ишловчилар учун етарлича шарт-шароитлар яратилмаган. Уларнинг ётиб-туришлари, дам олишлари ва ювинишлари учун мутлақо шароит мавжуд эмас. Овқат пишириш учун эса қўл бола печлардан фойдаланиб келинмоқда.
Бу каби ҳолатларни бартараф этиш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилмоқда. Ўрганишлар давом этмоқда.
Абдували Бўриев, ЎзА