Қурбон ҳайити кўтаринки кайфият ва эзгу амаллар билан нишонланди
Сирдарё вилоятида тинчлик, меҳр-оқибат ва саховат тимсоли бўлган, муқаддас динимиз моҳиятида мужассам Ийд ал-Адҳа — Қурбон ҳайити байрами кенг нишонланди. Айём муносабати билан ҳудудларда маънавий-маърифий тадбирлар, хайр-саховат акциялари ҳамда ободонлаштириш ишлари юқори савияда ташкил этилди. Байрам кунлари юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик, бағрикенглик ҳамда ҳамжиҳатлик муҳити яна бир бор яққол намоён бўлиб, инсон қадрини улуғлаш, меҳр-мурувват ва саховат каби эзгу қадриятлар аҳоли ҳаётида ўз ифодасини топди.
Вилоятдаги 77 та жоме масжидида 89 минг нафардан зиёд юртдошларимиз Қурбон ҳайити намозини жамоавий тарзда адо этиб, юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, мамлакатимиз тараққиёти ва бутун мусулмон уммати учун эзгу дуолар қилишди.
Масжидларда байрам муносабати билан ўтказилган маърузаларда инсонпарварлик, бағрикенглик, меҳр-оқибат, шукроналик ва ўзаро ҳурмат каби юксак инсоний фазилатларни асраб-авайлаш, ёш авлодни миллий ва диний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.Айниқса, Қурбон ҳайити муносабати билан аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлашга қаратилган хайр-эҳсон тадбирлари кенг қамровда амалга оширилди.
[gallery-29669]
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 21 майдаги “Қурбон ҳайитини муносиб нишонлаш ва аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Қурбон ҳайити арафасида вилоятда “Ижтимоий реестр”га киритилган оилалар, давлат кўмагига муҳтож фуқаролар, ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда кам таъминланган хонадонларга манзилли ёрдамлар кўрсатилди.
Жумладан, вилоят бўйича 6 минг 166 та озиқ-овқат тўплами тарқатилиб, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олинди. Хайрия тадбирлари доирасида фуқароларга озиқ-овқат маҳсулотлари, зарур кундалик эҳтиёж воситалари ҳамда байрам совғалари етказиб берилди. Бу каби эзгу ишлар юртдошларимиз қалбида меҳр-мурувват, ҳамжиҳатлик ва бирдамлик туйғуларини янада мустаҳкамлаб, байрамнинг инсонпарварлик моҳиятини янада ёрқин намоён этди.
– Бу улуғ сана халқимизнинг азалий қадриятлари — меҳр-оқибат, саховат ва бағрикенглик фазилатларини янада юксалтирди, – деди Гулистон шаҳридаги “Исо ўғли Мусо” масжиди имом-хатиби Баҳодир Суюнбоев. – Ҳайит арафасида кам таъминланган оилалар, боқувчисини йўқотган шахслар, кексалар ва меҳнат фахрийлари ҳолидан хабар олиниб, уларга моддий ва маънавий кўмак кўрсатилди. Бу каби хайрли ишлар жамиятимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳиллик ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Байрам муносабати билан вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида умумхалқ ҳашарлари ҳам уюшқоқлик билан ўтказилди. Қабристонлар, масжидлар ҳудуди, маҳаллалар, хиёбонлар ва бошқа жамоат жойларида кенг кўламли ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, атроф-муҳит тартибга келтирилди. Бу хайрли ишларга маҳалла фаоллари, нуронийлар, ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари фаол жалб этилди. Айниқса, ёшларнинг ҳашар ва саховат тадбирларидаги иштироки уларнинг ватанпарварлик, меҳр-оқибат ва жамоатчилик масъулияти каби фазилатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
– Қурбон ҳайити халқимизни бирлаштирадиган, эзгулик ва бағрикенгликка чорлайдиган улуғ айёмдир, – деди Ўзбекистон Маҳаллалар уюшмаси Сирдарё вилояти бошқармаси бошлиғи Уйғун Ҳотамов. – Байрам кунларида маҳаллаларда аҳиллик, ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳурмат муҳити янада мустаҳкамланди. Эҳтиёжманд инсонлар ҳолидан хабар олиш, ёрдамга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш, нуронийлар ва кексаларга эътибор қаратиш каби эзгу ишлар изчил давом этмоқда.
Қурбон ҳайити муносабати билан ўтказилган ушбу маънавий-маърифий ва хайр-саховат тадбирлари жамиятда инсон қадрини улуғлаш, бағрикенглик ва ўзаро меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилди. Байрам кунлари ҳар бир хонадонга шодлик, файз ва барака улашиб, юртдошларимиз қалбида эзгулик, саховат ва шукроналик туйғуларини янада кучайтирди. Бу эса халқимизга хос инсонийлик, бирдамлик ва ҳамжиҳатлик қадриятлари барқарор тараққиётимиз ва тинч ҳаётимизнинг мустаҳкам пойдевори эканини яна бир бор намоён этди.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат) ЎзА