Қумкашонда узумчилик ривожланмоқда
Юртимизда ер ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, экспортбоп маҳсулотлар етиштириш ҳамда маҳаллаларда иқтисодий фаолликни ошириш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ўзининг амалий натижаларини бермоқда. Айниқса, қишлоқ хўжалигида замонавий ёндашувлар ва илғор тажрибаларни жорий этиш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу борада Бухоро вилояти Олот туманидаги “Қумкашон” маҳалла фуқаролар йиғинида амалга оширилаётган узумчилик лойиҳаси алоҳида аҳамиятга эга. Мазкур ташаббус нафақат қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, балки маҳаллий аҳолини доимий иш билан таъминлаш ва турмуш даражасини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Лойиҳа доирасида маҳалла ҳудудида узоқ муддатли ижара асосида ажратилган ер майдонларида “бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Жами 9 гектар ер майдони 21 нафар ер эгасига 30-40 сотихдан бўлиб берилиб, “Гигант Суғдиёна” навли майизбоп узум кўчатлари экилиб, замонавий шпалер тизимлари жорий этилди. Бугунги кунда 2 минг 500 дан ортиқ кўчатлар парвариш қилинмоқда.

Лойиҳанинг яна бир муҳим жиҳати ердан комплекс ва самарали фойдаланиш йўлга қўйилганидир. Узум қаторлари орасида картошка, пиёз, сабзи ва помидор каби сабзавотлар етиштирилаётгани қисқа муддатда қўшимча даромад олиш имконини яратмоқда. Бу эса ер унумдорлигини ошириш билан бирга, деҳқонлар даромадининг барқарорлигини таъминлайди.
Маҳалладаги ушбу эзгу ташаббуснинг илғор намоёндаларидан бири тажрибали деҳқон Жумақул ота Тангриевдир. У киши кўп йиллик тажрибаси ва меҳнатсеварлиги билан бошқаларга намуна бўлиб келмоқда.
–Аввало шуни айтиш керакки, бундай имкониятлар авваллари кам учрар эди, –дейди деҳқон Жумақул ота Тангриев. –Ҳозир ердан тўғри фойдаланишга катта эътибор қаратиляпти. Бизга ер ажратилиб, узумчиликни йўлга қўйиш учун барча шароитлар яратилди. “Гигант Суғдиёна” нави жуда серҳосил ва майиз тайёрлаш учун ҳам жуда қулай. Бу лойиҳа фақат ўзимиз учун эмас, бутун маҳалла учун фойдали. Биринчидан, одамлар ишли бўляпти. Иккинчидан, ерлар бўш ётмайди. Узум қатор орасига сабзавот экиб, қисқа вақтда даромад оляпмиз. Бу эса оиламизга катта ёрдам. Насиб қилса, узум ҳосилини яна кўпайтиришни режа қилганмиз. Энг муҳими, келажакда майиз ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ниятимиз бор. Шу орқали маҳсулотга қўшимча қиймат қўшилади, даромадимиз ҳам янада ортади.

Дарҳақиқат, “Қумкашон” маҳалласида амалга оширилаётган узумчилик лойиҳаси яқин йилларда ҳудуднинг асосий “ўсиш нуқтаси”га айланиши кутилмоқда. Режаларга кўра, бу ташаббус орқали юзлаб аҳоли доимий иш ўринлари билан таъминланади, минглаб тонна узум етиштирилиб, қайта ишлаш йўлга қўйилади.
Энг муҳими, бу каби лойиҳалар нафақат иқтисодий самара беради, балки инсонларнинг ерга бўлган муносабатини ўзгартиради, меҳнатга рағбатни оширади ва қишлоқ ҳудудларини янада обод ва фаровон масканга айлантиришга хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири